Samsung ўзининг янги реклама ролигида смартфонини тез-тез зарядлашга мажбур бўлган iPhone 5s фойдаланувчилари устидан кулди. Бу ҳақда 9to5Mac маълумотига асосланиб «Российская Газета» хабар берди.
Видеода iPhone 5s ҳамда Galaxy S5 фойдаланувчиларининг аэропорт залида навбат кутишлари тасвирланган. Унда iPhone фойдаланувчилари исталган ер: йўлак, ҳожатхона ва бошқа жамоат жойларида мавжуд бўлган розеткаларда смартфонларини зарядлайверишади. Бу билан бир қанча қийинчиликларга дуч келишади. Шу сабабли улар асабий ва хафа кўринади.
Ролик давомида фаррош чангютгични ишга тушириш учун битта розеткадан iPhone фойдаланувчисини узиб қўяди. Шундай қилиб, у ҳам бошқа бир қанча «айфон»ини зарядлаш учун розетка излаётганлар сафига қўшилади.
Муаллифлар видеони Wall-Huggers – «девор қучоқловчилар» дея номлаган. Роликда кўрсатилганидек, iPhone фойдаланувчилари доим девордаги розетка ёнида бўлишлари бунга сабаб бўлган.
Видеода Galaxy S5 фойдаланувчилари эса ҳаётдан ҳурсанд ва хушчақачақ тасвирланган. Чунки улар қуввати тугаган батареяни алмаштиришлари ёки кам энергия сарфланадиган режимга ўтишлари мумкин. Кам энергия сарфланадиган режимда смартфон батареяси 10 фоиздан кам қолган бўлса ҳам, оқ-қора экран ва барча алоқаларнинг ўчирилиши боис бир сутка ишлай олади.
Samsung компаниясининг янги реклама ролиги 3 июлда YouTube’га жойлаштирилган ва бир сутка давомида 600 мингдан ориқ кўрилган.
Эслатиб ўтамиз, бу рақобатчи компаниялар бир-бирининг камчилигини кўрсатиб масхара қилган биринчи видеоролик эмас.
Изоҳ (0)