Андижон вилояти Булоқбоши тумани Ширмонбулоқ қишлоғи ҳудудидан 14,1 км масофада оқиб ўтувчи Аравансойда қорлар эриши ва жала ёмғирлар ҳисобига юзага келадиган сувли ирмоқлар йиғилиб Шаҳрихонсойга қуйилади. Сойнинг максимал сув ўтказиш қобилияти секундига 200 куб метр бўлиб, сўнгги маротаба 2010 йил 3 июнь куни секундига 200 куб метр сув оқиб келиб, ўнг қирғоқдаги дамбага жиддий зарар уетказган. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.
Сел ва сув тошқини билан боғлиқ бўлган фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва юз бериши мумкин бўлган хатарлардан аҳолини муҳофаза қилиш мақсадида мазкур қирғоқнинг мустаҳкам бўлиши чоралари мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилди.
Хусусан, Андижон лойиҳа қидирув экспедицияси мутахассисларининг ҳисоб-китобларига кўра, Булоқбоши тумани Ширмонбулоқ қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи Аравансой ўнг қирғоғида жами 6120 метр масофада қирғоқ мустаҳкамлаш ишларини бажариш, шу жумладан 2000 метр эски дамбани тиклаш ва 4120 метр янги дамба қуриш режалаштирилган бўлиб, жами 158 628 куб метр тупроқ, 237 942 куб метр шағал, 45 572 куб метр харсанг тош ётқизиш белгиланган.
Қирғоқни мустаҳкамлаш ишларига жалб этилган техникаларга сарфланган ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари бир кунда 1188 тонна, мавсум бошидан жами 103 814 тоннани ташкил этди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда фавқулодда вазиятларни олдини олиш қуйи тизимлари билан ҳамкорликда ҳашар йўли билан бошланган қирғоқ мустаҳкамлаш ишлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)