DVD ва CD форматдаги лазер дисклар савдосини йўлга қўйган «Самарқанд Ҳумо Қуши» масъулияти чекланган жамияти директори Суҳроб Яҳёев Самарқанд шаҳрининг Абдураҳмон Жомий ва Али Қушчи кўчаларида савдо шохобчалари очиб, уларда ноқонуний дисклар сотувини амалга оширгани аниқланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқ» газетаси хабар берди.
Дўконларга Фирдавс ва Илҳом исмли йигитларни сотувчи этиб ишга олган Суҳроб Фирдавс билан келишган ҳолда Абдураҳмон Жомий кўчасидаги савдо шохобчасига кирим ҳужжатлари ва сифат сертификатлари бўлмаган, умумий қиймати 26,5 миллион сўмлик 75оо дан ортиқ лазер дискни сотувга қўйган. Аслида бу фаолият тури билан шуғулланиш учун махсус рухсатнома олиш керак эди. Шунингдек, дўкон растасидан ваҳшийлик, зўравонлик ва беҳаёликни тарғиб этувчи 301 та кинофильм ўрин олди.
Директор Самарқанд шаҳридаги Али Қушчи кўчасида жойлашган савдо дўконида ҳам бир талай ноқонуний ишларга қўл урган. Дўкон сотувчиси Илҳом билан ўзаро тил бириктирган ҳолда савдодан тушган 7,4 миллион сўм пулни назорат-касса машинасидан ўтказмасдан, банкка топшириб юрган. Бундан ташқари, иккинчи дўконига ҳам товарларнинг сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 85,4 миллион сўмлик 24 мингдан ортиқ ёзувли ва 1800 га яқин бўш лазер дискларни сотувга қўйган. Бу дискларнинг қарийб 900 таси ваҳшийлик, қонхўрлик, беҳаёлик ва урушни тарғиб этувчи кинофильмлар бўлган.
СВОЖЖДЛҚК департаментининг Самарқанд вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Ислом Шеровнинг қайд этишича, текширув пайтида диск савдосини йўлга қўйган Суҳроб Яҳёев дўконида юқоридаги камчиликлар топилиб, ноқонуний ҳолатлар юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Яҳёев суд ҳукми билан бир йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, унга уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Дўкон сотувчилари Фирдавс Жўраев ва Илҳом Фиёсовлар ҳам тегишли жазоларини олди. Шунингдек, дўконлардан ашёвий далил сифатида олиб қўйилган DVD ва CD дисклар тегишли тартибда йўқ қилинди.
Изоҳ (0)