Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарлари, Қува, Бешариқ туманларида янги бозорлар барпо этилмоқда, дея хабар беради ЎзА.
Ўзбекистон Президентининг 2011 йил 15 ноябрда қабул қилинган «Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012-2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Фарғона «Марказий деҳқон бозори» ҳудуди кенгайтирилиб, янги савдо расталари, павильонлар, автоуловлар тўхташ жойи ва бошқа хизмат кўрсатиш мажмуалари қурилиб, ёпиқ мева павильонида реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
– 336 савдо ўрнига эга мажмуада 40 хусусий савдо дўкони, Миллий банкнинг махсус кассаси мавжуд, – дейди Фарғона шаҳар «Марказий деҳқон бозори» очиқ акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Ёрқинжон Нишонов. – Бозор ва савдо мажмуалари атрофини таъмирлаш ишларига 400 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Айни кунларда юртимизда пишиқчилик. Шунинг учун сифатсиз, қалбаки маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш, ҳудудда саришталик, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилиниши доимий назорат қилиб борилмоқда.
Изоҳ (0)