Фарғона вилоятида 2014 йилги ҳудудий инвестиция дастурига кўра, ўтган тўрт ойда 8 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ ўзлаштирилди.Вилоят саноат салоҳиятини ошириш дастури бўйича жорий йилда 57,1 миллион долларга тенг хорижий инвестициялар иштирокидаги 25 лойиҳа ўзлаштирилиши режалаштирилган. Бу қўшимча равишда 46 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради, деб хабар бермоқда ЎзА.
Бугунги кунда Фарғона вилоятида иқтисодиётнинг турли тармоқларида хорижий инвестициялар иштирокидаги 121 корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Уларнинг 24 таси хорижий корхона бўлса, 97 таси қўшма корхонадир.
— 2013 йилда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 2012 йилга нисбатан қарийб 15 фоиз ўсиб, вилоят ҳудудий саноат маҳсулотидаги улуши 23,8 фоизга етди, — дейди вилоят ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси бошлиғи Рустам Сулаймонов. — Экспорт салмоғидаги улуши 40 фоизни ташкил этди. Жорий йилнинг тўрт ойи мобайнида мазкур корхоналар томонидан 332 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, бу аввалги йилнинг шу даврига нисбатан 27,8 фоиз кўпдир.
Вилоятдаги «Инвестиция, саноат ва экспорт» кенгашининг кўмагида очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари ташкил этилиб, тадбиркор ва ишбилармонлар хорижий мамлакатларга малака оширишга юборилмоқда. Қўқон шаҳрида фаолият кўрсатаётган «Индорама Қўқон текстил» Ўзбекистон—Сингапур қўшма корхонасининг хорижий ҳамкорлари яратилган имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб, лойиҳанинг учинчи босқичини амалга оширмоқда.
Изоҳ (0)