«Юрт келажаги» республика иқтидорли ёшлар танловининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилаётган бу йилги танловнинг дастлабки босқичларида республика бўйича қарийб 55 минг нафар йигит-қиз ўз иқтидорини синаб кўрди.
15 ёшдан 25 ёшгача бўлган иштирокчилар «Архитектура ва дизайн, либослар дизайни», «Ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлар ва техник ишланмалар», «Анъанавий ва амалий санъат», «Иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни такомиллаштириш бўйича таклифлар», «Адабиёт ва журналистика» йўналишларида ўз билим ва салоҳиятини намойиш этди. Тошкент вилоятида мазкур ижодий танловда тўрт минг нафар ёш қатнашди ва уларнинг 48 нафари ғолиб чиқиб, республика босқичида қатнашиш имконини қўлга киритди.
– Ушбу танловга дўстим билан намунали уйлар ва замонавий маданият истироҳат боғларига оид ижодий лойиҳани тақдим этдик, – дейди Оққўрғон туманидаги қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Фаррух Турсунбоев. – Ушбу иншоотларни барпо этишда маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларидан фойдаланилади.
Танлов ғолиб ва совриндорларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Изоҳ (0)