Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хенинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида 17 июнь куни Ўзбекистон ва Жанубий Корея ишбилармонларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Тадбирда Пак Кин Хе икки мамлакат ўртасидаги самарали ҳамкорликни юксак қадрлашини, ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори эканини алоҳида қайд этди.
Форумда Жанубий Корея ишбилармонларига Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, соҳага сармоя киритишнинг истиқболлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш омиллари, «Навоий», «Жиззах» ва «Ангрен» индустриал зоналаридаги қулайлик ҳамда имтиёзлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Бизнес-форумда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни, энергетика, ахборот-коммуникация технологиялари, сайёҳлик, озиқ-овқат, енгил саноат, тўқимачилик ва фан-таълим соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантиришга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Анжуманда Жанубий Кореянинг йирик компанияларидан уч юзга яқин вакил иштирок этди. Hanjin Group, Hyundai Motor, Lotte Chemical, Hanwha Group, Daedong Industrial, Baum Architects, Bell Metal, LSC Food, Simpac, Nara, Shindong каби компаниялар вакиллари Ўзбекистон бозоридаги ўз фаолиятини йўлга қўйиш ва мавжуд ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятида эканини қайд этди.
Шу куни Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Жанубий Корея ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа ўтказилди.
Бизнес-форум ва кооперацион биржа доирасида энергетика, тўқимачилик ва енгил саноат, ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар, таълим каби кўплаб соҳалардаги ҳамкорликка оид умумий қиймати 2,4 миллиард доллардан зиёд қатор ҳужжатлар имзоланди.
Изоҳ (0)