Самарқанд вилояти Ургут туманининг «Булоқбоши» қишлоқ фуқаролар йиғинида вилоят ҳокими Зоир Мирзаев томонидан сайёр қабул ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда, деб ёзади «Кун».
Қабулга вилоят прокурори, ички ишлар бошқармаси бошлиғи, шунингдек, туман аҳолиси томонидан йўлланган мурожаатлар ҳамда уларнинг ечимига алоқадор бўлган идоралар раҳбарлари, тегишли жамоат ташкилотлари мутасаддилари таклиф этилди.
Сайёр қабул давомида фуқаролар вилоят ҳокими, бошқа корхона-ташкилотлар раҳбарлари билан юзма-юз суҳбатлашиб, ўзларини қийнаётган масалалар бўйича мурожаат этдилар. Мурожаатларнинг аксарияти ечими бўйича шу ернинг ўзида жавоб берилди.
Хусусан, фуқаролар томонидан маълум қилинган ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли жабҳаларига оид 20 дан зиёд муаммоли масалаларнинг 16 таси шу ернинг ўзида ҳал этилган бўлса, олти мурожаат ечими бўйича тегишли идоралар раҳбарларига аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Фуқароларнинг мурожаатларида коллеждаги таълим шароитларини яхшилаш, ҳудуддаги йўл қурилиши ишларини жадаллаштириш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш каби кўплаб масалалар кўтарилган.
«Тадбир давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан фуқаролар ўртасидаги алоқани янада яқинлаштиришда, қолаверса, ҳудуд равнақи, келажаги учун ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга замин яратгани билан ҳам аҳамиятли бўлди», – дейилади ҳокимлик хабарида.
Изоҳ (0)