ЖЧ—2014 гуруҳ босқичидан ўрин олган Германия билан Португалия учрашувида «немис машинаси» португалларни янчиб ташлади. Бу ҳақда Uff.uz хабар берди.
Учрашув тенг курашлар остида бошланди. Икки жамоа ҳам яхши ҳужумлар ташкил қила бошлади, бироқ 12-дақиқага келиб Бруно Алвеш Гецега нисбатан қўполлик ишлатди ва Патрисиу дарвозасига пеналти белгиланди. 11 метрли нуқтага яқинлашган Мюллер мўлжалдан адашмади — 1:0.
Навбатдаги гол ҳам Йоахим Лев шогирдлари томонидан киритилди. 32-дақиқада бурчакдан тўп ўйинга киритилди, барчадан юқори сакраган Хуммелс ҳисобни 2:0 кўринишига олиб келди.
Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас Пепе ва Мюллер ўртасида келишмовчилик келиб чиқди ва ҳакам Португалия термаси ҳимоячисини майдондан четлатди.
Бир киши кўп бўлиб ўйнаган немислар бўлим якунида ҳисобни яна биттага оширди. Кросснинг узатмасини Мюллер жарима майдонида қабул қилиб олди ва Бруно Алвешни ортда қолдириб, дарвозага аниқ зарба йўллади — 3:0.
Иккинчи бўлимда Португалия термаси ва Криштиану Роналду қанчалик гол уришга уринмасин, омад улардан бу оқшом юз ўгирган эди.
78-дақиқадаги Мюллернинг учинчи голи Германиянинг Португалия устидан ишончли — 4:0 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
Шу тариқа «G» гуруҳидаги етакчиликни ҳозирча Германия ўз қўлига олди.
Изоҳ (0)