«Барак Обаманинг саломатлиги аъло даражада, ҳеч қандай касаллик унга хавф туғдирмаяпти ва у ўзининг АҚШ президентлигини адо этиш даври мобайнида ажойиб жисмоний ҳолатда бўлади». Бу маълумот 12 июнь куни Оқ уй матбуот хизмати томонидан тарқатилган тиббий хулосада келтириб ўтилган, дея хабар берди «ИТАР-ТАСС». АҚШ президентининг тиббий кўриги унинг бош шифокори Ронни Жексон бошчилигида май ойида ўтказилган эди.
Оқ уй хабар берганидек, тиббий кўрик нафақат Обама соғлигини текшириш, балки жамоатчиликни унинг саломатлиги ҳақида хабардор қилиш мақсадида ўтказилган. Америка етакчисининг аввалги «диспансеризацияси» 2011 йил октябрида бўлиб ўтган эди.
Сўнгги тиббий кўрик натижасида Обаманинг кўриш, эшитиш, таъм билиш, нафас олиш тизимлари 100 фоиз ме’ёрий ҳолатда ишлаётгани қайд этилди. Унинг юрак қон-томир ва асаб тизимларида ҳеч қандай издан чиқиш аниқланмади. Шифокорлар хулосасида Обама ўнг панжасидаги оғриқни тўхтатиш учун баъзан оғриқ қолдирувчи восита — ибупрофендан фойдаланиши айтиб ўтилган. Шунингдек, унинг бўйнида унча катта бўлмаган хавфсиз ўсмалар аниқланган. Бироқ шифокорларнинг таъкидлашига қараганда, президентда тери саратони ва бошқа ўткир ёки сурункали тери хасталиклари аломатлари йўқ.
Жексон эслатиб ўтганидек, илгари Обама ҳеч қандай жиддий касаллик билан оғримаган ва жарроҳлик амалиётини бошдан кечирмаган. «Президент мунтазам жисмоний машқлар билан шуғулланади, чекмайди, спиртли ичимликларни ҳам баъзи-баъзида, кам миқдорда истеъмол қилади», — деб ёзилади Президент бош шифокори ҳисоботида.
Илгари Обама чекар эди ва бу салбий одатни яна такрорламаслик, тамакига тобеъликдан сақланиш учун у баъзан сақичдан фойдаланади. Шу билан бирга у мунтазам равишда Д дармондорисини истеъмол қилади.Мутахассисларнинг умумий фикрига кўра, «Обаманинг саломатлиги жуда аъло даражада».
«Тиббий натижалар шуни кўрсатадики, президент ҳозир соғлом ва ўз президентлик муддатини адо этгунча шундай бўлади» — дея таъкидланади тиббий хулосада.
Барак Обаманинг АҚШ президентлиги постидаги иккинчи муддати 2017 йил январида тугайди. АҚШнинг янги Президенти сайлови 2016 йил ноябрда бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)