Тошкент Давлат педагогика университети қошидаги академик лицей директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Носир Боқиев (исм-фамилиялар «Ҳуқуқ» газетаси томонидан ўзгартирилган) пулга ўқишга кирмоқчи бўлганларни ўз қармоғига илинтиришга ҳаракат қилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқ» газетаси хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни лэгаллаштиришга қарши курашиш (СВОЖЖДЛҚК) департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси бўлим инспектори Шахриёр Файзиевнинг қайд этишича, Боқиев 2013 йил июнь ойида жиззахлик Умар Мансуровнинг мактабни битирган жияни Санжар Мансуровни лицейга «ўқишга киритиб қўяман» деб фирибгарлик йўли билан 500 АҚШ долларини қўлга киритмоқчи бўлган. Н. Боқиев У. Мансуровнинг ишончига кирган ва 2013 йилнинг 18 июнь куни келишилган пулни олиб келишларини талаб қилган. У. Мансуров унинг фирибгарлик қилаётганини вақтида тушуниб, керакли жойга ариза билан мурожаат қилган.
Келишилган куни Н. Боқиев ўзининг хизмат хонасида 500 АҚШ доллари олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ашёвий далил билан қўлга олинди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Н. Боқиевга қилмишига яраша жазо тайинлаб, ҳукм чиқарди.
Изоҳ (0)