2014 йилнинг 12 июнь – 13 июль кунлари ўтказиладиган футбол оламининг энг нуфузли мусобақаси – жаҳон чемпионати учрашувларини бошқариш учун ўзбекистонлик FIFA рефериси Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи Бразилияга йўл олди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Нуфузли чемпионат мусобақаларини Европадан тўққизта, Жанубий Америкадан бешта, Осиёдан тўртта, Африка ва Шимолий Америкадан учтадан, Океания минтақасидан битта ҳакамлар бригадаси бошқаради. Равшан Эрматов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Болтиқбўйи мамлакатлари вакиллари орасида ушбу жаҳон чемпионатига жалб этилган ягона бош ҳакамдир.
Бразилияда ўтказиладиган футбол бўйича жаҳон чемпионати учрашувларини бошқаришда Равшан Эрматовга ўзбекистонлик, Осиё футбол конфедерацияси томонидан 2011 йилда қитъамизнинг энг яхши қанот ҳаками, деб топилган Абдуҳамидулло Расулов ва қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров ёрдам беради.
Маълумот учун: 2003 йилдан буён FIFA таснифидаги мусобақаларда ҳакамлик қилиб келаётган Равшан Эрматов футбол бўйича деярли барча нуфузли мусобақаларни – 2007 ва 2009 йилларда ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон биринчиликлари, 2008 ва 2011 йилларда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари финали, 2010 йилги жаҳон чемпионати, 2011 йилги Осиё кубоги финали, 2012 йили ХХХ ёзги Олимпия ўйинларининг футбол учрашувлари, 2013 йилда эса Бразилияда ўтган конфедерациялар кубоги баҳсларини бошқарган.
Равшан Эрматов Осиёнинг «Энг яхши ҳакам» номинациясида кетма-кет тўрт маротаба ғолиб бўлган қитъамиздаги ягона футбол ҳакамидир. Халқаро футбол уюшмалари федерацияси уни 2011 йилда жаҳоннинг энг яхши ҳаками, деб эътироф этди. Мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги мусобақаларни юқори савияда бошқариб келаётган Р. Эрматов 2013 йил якунлари бўйича ҳам дунёнинг энг кучли ҳакамлари рейтингининг юқори поғоналаридан жой олган.
Изоҳ (0)