Тошкентда таэквондо (WTF) бўйича XXI ва таэквондо «Пумсе» бўйича IIIОсиё чемпионатлари якунланди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Таэквондо «Пумсе» бўйича ўтказилган IIIОсиё чемпионатида муносиб иштирок этган ўзбекитонлик фахрийлар, ўсмирлар ва катталар ўртасидаги баҳсларда иккита олтин ва еттита бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади.
Таэквондо (WTF) бўйича XXI Осиё чемпионати баҳсларида спортчилар совринли ўринлар билан бирга 2016 йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган ХXXI ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи рейтинг очколари учун баҳслашди.
Таэквондо (WTF) бўйича XXI Осиё чемпионатида иштирок этган Жасур Бойқўзиев ва Дмитрий Шокин ўз вазн тоифасида барча рақибини мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Ҳамюртларимиздан Никита Рафалович ва Максим Рафалович бронза медални қўлга киритди.
Хотин-қизлар ўртасидаги беллашувларда қатнашган иқтидорли спортчимиз Умида Абдуллаева 73 килограммгача бўлган таэквондочилар баҳсида олтин медални қўлга киритди. Яна бир тажрибали спортчи Наталя Маматова ўз вазн тоифасида бронза медаль билан тақдирланди.
– Ҳар бир спортчи ўз Ватанида ўтадиган нуфузли мусобақада шоҳсупага кўтарилишни орзу қилади, – дейди таэквондо (WTF) бўйича Осиё чемпиони Умида Абдуллаева.
Таэквондо (WTF) бўйича XXI Осиё чемпионатида учтадан олтин ва бронза медални қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умумжамоа ҳисобида кучли учликдан жой олди.
«Ўзбекистон» спорт мажмуасида 28 май куни таэквондо бўйича XXI ва таэквондо «Пумсе» бўйича IIIОсиё чемпионатларининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Изоҳ (0)