Исроил расмийлари 16 март куни Эронга қарши давом этаётган уруш бўйича камида яна уч ҳафталик батафсил операцион режа борлигини маълум қилди. Шу билан бирга, Исроил авиацияси Эрон бўйлаб тунги зарбаларни кучайтирди, Эрон дронлари эса Форс кўрфазидаги қўшни давлатларга ҳужумларни давом эттирмоқда.
Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши уруши учинчи ҳафтага кирди. Ҳозирча низонинг якунланиши бўйича аниқ муддат йўқ. Дунё нефти ва суюлтирилган табиий газининг 20 фоизи ўтадиган Ҳормуз бўғози ёпилгани оқибатида ёнилғи нархи кўтарилиб, глобал инфляция хавфи ортмоқда.
Исроил ҳарбийлари вакили Надав Шошани душанба кунги брифингда маълум қилишича, яқин уч ҳафта учун аниқ режалар бор ва яқин келажак учун қўшимча стратегиялар устида ишланмоқда. Исроилнинг асосий мақсади — Эроннинг баллистик ракета инфратузилмаси, ядровий иншоотлари ва хавфсизлик аппаратига зарба бериш орқали унинг салоҳиятини заифлаштиришдир.
“Биз бу режим имкон қадар заиф бўлишини ҳамда уларнинг хавфсизлик тузилмасининг барча қисмлари ва қанотларини яксон қилишни истаймиз”, деди Шошани.
Маълумотларга кўра, Исроил 110 мингдан ортиқ захирадаги ҳарбийларни сафарбар қилган ва Эрон ичида ҳали урилиши керак бўлган минглаб нишонлар мавжудлигини таъкидлаган. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса Теҳрон ўт очишни тўхтатишни сўрамагани ва АҚШ билан оташкесим борасида хабарлар алмашмаганини билдирди.
Мактаб ва аҳоли пунктлари нишонда
Эроннинг Меҳр ахборот агентлиги хабарига кўра, Марказий провинцияга берилган тунги зарбалар оқибатида 5 киши ҳалок бўлган, 7 киши жароҳатланган. Арак шаҳри чеккасидаги турар жой ҳудуди ва Маҳаллат туманидаги бино ҳужумга учраган. Хумайн шаҳрида эса ўғил болалар мактаби нишонга олинган, бироқ қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Исроил ҳарбийлари Теҳрон, Шероз ва Табриз шаҳарларида “Эрон террорчи режими” инфратузилмаларига зарба бераётганини тасдиқлади.
Шунингдек, уруш олови қўшни давлатларга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Хусусан, дунёдаги энг гавжум аэропортлардан бири — Дубай халқаро аэропорти яқинидаги ёнилғи омборига дрон зарбаси берилгани сабабли бир неча соатга ёпилди. Расмийлар ёнғин назоратга олинганини билдирди. Сўнгра эса, БАА ҳаво ҳудуди бир ҳафтага ёпиқ қолиши хабар қилинди.
Саудия Арабистони мудофаа кучлари бир соат ичида шарқий минтақа узра 34 та дронни тутиб қолди.
Исроилда эса мамлакат бўйлаб Эрон томонидан учирилган ракеталар хавфи ҳақида огоҳлантирувчи тревога сигналлари янгради. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Тель Авивдаги авиацияни ёнилғи билан таъминлаш марказларига ҳужум уюштирганини маълум қилди.
Глобал бозорда Brent маркали нефть нархи 1 фоиздан кўпроққа ошиб, 104,50 доллардан юқорилади. АҚШ президенти Дональд Трамп 15 март куни иттифоқчиларни Ҳормуз бўғозини очишга ёрдам беришга чақирди. У НАТО аъзоларини агар Вашингтонга ёрдамга келишмаса, альянсни “жуда ёмон” келажак кутаётганидан огоҳлантирди.








