Яқин Шарқдаги кескинлик тобора кенгаймоқда. 3 март куни Ар Риёддаги АҚШ элчихонасига дронлар ҳужум қилди, Исроил Ливанда қуруқлик операциясини бошлади, Америка фуқароларини минтақани тарк этишга чақирди. Европа давлатлари Эронни огоҳлантирди, Ўзбекистон эса парвозларни тўхтатиб, фуқароларни эвакуация қилмоқда.
Ар Риёддаги АҚШ элчихонасига дрон урилди
3 март тонгида Саудия Арабистонининг Ар Риёд шаҳридаги АҚШ элчихонасига иккита дрон келиб урилди. Саудия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, объектда ёнғин чиққан ва “кичик моддий зарар” етган.
Исроил Ливанда қуруқлик операциясини бошлади
Исроил мудофаа кучлари (САХАЛ) 3 март куни Ливанда “Ҳизбуллоҳ”га қарши қуруқликдан операциялар бошлаганини эълон қилди. Қўшинлар Ливан чегарасининг бир неча нуқталарига жойлаштирилган.
АҚШ фуқароларини минтақани тарк этишга чақирди
АҚШ Давлат департаменти барча фуқароларини Яқин Шарқдаги ўндан ортиқ давлатни “ҳозироқ тарк этиш”га чақирди. Тавсия Баҳрайн, Миср, Эрон, Ироқ, Исроил, Иордания, Кувайт, Ливан, Уммон, Қатар, Саудия Арабистони, БАА, Сурия ва Яманга тааллуқли.
Иорданиядаги АҚШ элчихонаси ходимлари таҳдид сабаб дипломатик бинони тарк этган. Шу билан бирга, ракета ҳужумлари туфайли кўплаб тижорий рейслар тўхтатилгани эвакуацияни мураккаблаштирмоқда.
Испания АҚШ базаларидан фойдаланишга рухсат бермади
Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэл Альбарес мамлакат ҳудудидаги Рота ва Морон ҳарбий базалари Эронга қарши операцияда ишлатилмаслигини маълум қилди.
Reuters хабарига кўра, зарбалар бошланганидан сўнг Испаниядаги базалардан АҚШнинг камида 15 та самолёти ҳавога кўтарилган. Улардан айримлари Германиядаги Рамштайн авиабазасига қўнган.
АҚШ Эрон дронига ўхшаш LUCAS’ни қўллади
АҚШ илк бор Эроннинг Shahed-136 дронига ўхшаш, Starlink терминаллари билан жиҳозланган янги LUCAS дронларидан фойдаланди.
Исроил разведкаси Хоманаийга қарши операцияни 25 йил тайёрлаган
Financial Times маълумотига кўра, Исроил разведкаси “Арслон наъраси” операцияси доирасида Теҳрондаги йўл ҳаракати камераларини бузиб кирган ва Хоманаийнинг “ҳаёт тарзи” моделини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилган.
Ҳисоботда Spаrrоw ракеталари қўллангани, АҚШ Марказий разведка бошқармаси суиқасд куни жойлашувни тасдиқлашда иштирок этгани айтилади.
Эрон Европани огоҳлантирди
Теҳрон расмийлари Европа давлатларини АҚШ ва Исроил операцияларига аралашмаслик ҳақида огоҳлантирди. Эрон ТИВ вакили Исмоил Бақоий ҳар қандай ҳарбий ҳаракат “уруш эълон қилиш билан тенг” бўлишини айтди.
Кипрдаги Британия авиабазасига дрон ҳужумидан сўнг Греция, Германия ва Франция орол мудофаасини кучайтиришга ваъда берди. НАТО бош котиби Марк Рютте альянс “ҳар бир қарич ҳудудни ҳимоя қилишини” таъкидлади.
Эрон ҳужумлари фонида БАА президенти Муҳаммад бин Зоид ал-Наҳаён ва Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдан бин Муҳаммад Dubai Mall’да сайр қилиб, жамоат жойида кўриниш берди. Бу ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.
“Дунё” хабарига кўра, Ўзбекистоннинг 13 нафар фуқароси Туркманистон орқали ватанга қайтарилди. Улар “Sarahs” чегара пости орқали хавфсиз кузатиб қўйилган.
Шунингдек, Яқин Шарқдаги вазият сабаб Ўзбекистон аэропортларидан Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Эрон, Кувайт ва Исроилга рейслар вақтинча тўхтатилди. Махсус рейслар орқали йўловчиларни қайтариш ишлари давом этмоқда.








