Daryo

Ўзбекистонга Хитойдан 100 дона электробус жўнатилди

2025 йилда жами 200 дона электробус ва улар учун қувватлаш ускуналарини харид қилиш режалаштирилган.

1 дақиқа ўқиш2 168 кўришлар0 изоҳ1

Ўзбекистонга Хитойдан электробусларнинг навбатдаги партияси жўнатилди, деб хабар бермоқда Транспорт вазирлиги.

Қайд этилишича, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида белгиланган “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” давлат дастурига мувофиқ Тошкент шаҳрида экологик тоза жамоат транспорти тизимини ривожлантириш ишлари олиб борилмоқда.

Шу мақсадда 2025 йилда жами 200 дона электробус ва улар учун қувватлаш ускуналарини харид қилиш режалаштирилган. Ўтказилган танловда Хитой Халқ Республикасининг “YUTONG BUS Cо., Ltd.” компанияси ғолиб бўлиб, компания билан тегишли шартнома имзоланган.

Жараён доирасида электробусларнинг дастлабки партияси — 100 дона транспорт воситаси Хоргос орқали Қозоғистон ҳудудидан Ўзбекистонга жўнатилди. Барча электробусларни етказиб бериш ишлари 2025 йил сентябрь ойи охирига қадар тўлиқ якунланиши белгиланган.

Сўнгги ойларда ҳудудларга олиб келинган автобуслар

Май ойида Бухорога Хитойдан 24 дона Zhongtong автобуси харид қилинди. Яна 12 та шундай автобус июнь якунига қадар етиб келади. Урганч шаҳрига Хитойдан 30 дона Зонг Тонг русумли замонавий автобус олиб келинди. Март ойида Хитойнинг Zhongtong Бус компаниясида ишлаб чиқарилган 30 та замонавий автобус Наманганга етиб келди. Ангренга 15 та Yutong автобуси олиб келинди. 

Транспорт вазири ўринбосари Илҳомжон Абдугафаров Хитойнинг Экспорт-импорт банки бошқарув раиси Чен Хуайюй бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашган эди. Томонлар 200 та электробус сотиб олиш бўйича қарз шартномасини келишиш ва имзолашни тезлаштириш масаласи муҳокама қилинган. Шунингдек, қўшимча 1000 та автобус сотиб олиш бўйича лойиҳа юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Бундан ташқари, Хитой компанияси Қорақалпоғистон жамоат транспорти инфратузилмасини модернизация қилишда иштирок этишни режалаштирмоқда.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар