Норвегияда ўтказилган тест синовлари натижасида Хитойда ишлаб чиқарилган электробусларни масофадан туриб бошқариш ёки бутунлай ўчириб қўйиш мумкинлиги аниқланди. Бу ҳақда The Oslo Herald хабар берди.
Осло шаҳрида электробусларнинг хавфсизлиги текширувдан ўтказилди. Таққослаш мақсадида иккита автобус синовдан ўтказилган. Улардан бири Европада, иккинчиси эса Хитойнинг Yutong компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Тадқиқотчилар синов орқали киберхавфсизлик билан боғлиқ хавф-хатарларни аниқлашни мақсад қилган.
Натижада Европада ишлаб чиқарилган автобус хавфсиз бўлиб чиққан, Yutong автобуси эса масофадан бошқарилиши мумкинлиги аниқланган.
Yutong компанияси ҳар бир автобуснинг дастурий таъминоти, техник диагностикаси ва аккумулятор тизимларига масофадан кириш имконига эга.
Компания маълумотига кўра, назарий жиҳатдан ишлаб чиқарувчи автобусни тўхтатиши ёки ишламайдиган ҳолатга келтириши мумкин. Муаммони бартараф этиш учун автобусдаги модемлардан SIM-карталарни олиб ташлаб, интернет алоқасини узиш тавсия этилди. Тадқиқот натижалари Норвегия транспорт ва коммуникациялар вазирлигига юборилган.
Ҳозирда Ослода 300 дан ортиқ Yutong электробуслари, Норвегиянинг бошқа шаҳарларида эса 550 дан зиёд Хитойда ишлаб чиқарилган автобуслар ҳаракатланмоқда. Норвегия транспорт вазири Ён-Ивар Нюгорд синовларни ижобий баҳолади. У ҳукумат “Норвегия билан хавфсизлик сиёсати бўйича ҳамкорлик қилмайдиган давлатлардан келтирилган транспорт воситаларидан келиб чиқадиган хавфларни баҳолаши керак”лигини таъкидлади.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда ҳам Yutong автобуслари кенг фойдаланилади. 23 сентябрь куни Хитойдан электробусларнинг навбатдаги партияси жўнатилган эди. 2025 йилда жами 200 дона электробус ва улар учун қувватлаш ускуналарини харид қилиш режалаштирилган.








