Daryo

Афғонистондан Ўзбекистонга олиб ўтилган вертолётлар қайтарилади — ОАВ

Гап 2021-йилда “Толибон” Кобулни эгаллаганида афғон ҳарбийлари Сурхондарёга олиб ўтган самолёт ва вертолётлар ҳақида кетмоқда. Улар АҚШ ҳукумати пулига сотиб олинган, Ўзбекистон расмийлари улар қайтарилмаслигини таъкидлаганди.

1 дақиқа ўқиш5 467 кўришлар0 изоҳ4

Афғонистондан олиб чиқиб кетилган ўнлаб вертолётлар яқин кунларда Ўзбекистондан Кобулга қайтарилиши кутилмоқда. Бу ҳақда манбаларга таяниб, Afghanistan   International хабар берди.

Гап 2021-йилда “Толибон” Кобулни эгаллаганида афғон ҳарбийлари Сурхондарёга олиб ўтган самолёт ва вертолётлар ҳақида кетмоқда. Улар АҚШ ҳукуматининг маблағига харид қилиниб, Афғонистоннинг собиқ ҳукумати ихтиёрига вақтинчалик берилганди.

Манбаларга кўра, собиқ афғон армиясига тегишли 57 та вертолёт ортга қайтарилиши режалаштирилган. АҚШ Мудофаа вазирлиги ўша пайтда Ўзбекистонга 46 та, Тожикистонга эса 18 та ҳаво кемаси олиб ўтилганини маълум қилган. Улар орасида Ми-17 ва УҲ-60 вертолётлари, шунингдек ПC-12, C-208, АC-208 ва А-29 русумидаги самолётлар ҳам бор эди.

“Толибон” ҳар икки давлатдан бу ҳаво кемаларини қайтаришни бир неча бор талаб қилган. 2024-йилда АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Ҳеник улар Ўзбекистонда қолишини, бу бўйича икки давлат келишувга эришганини таъкидлаганди. АҚШнинг Афғонистондаги элчихонаси эса Тожикистон ҳукумати самолётларни “Толибон”га топширмагани учун миннатдорлик билдирганди.

2025 йил Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида ўтган тадбирда қатнашган Пентагон расмийлари вертолётларнинг бир қисми АҚШга қайтарилганини маълум қилганди. Ўшанда яроқли деб топилган авиатехникалардан 7 та Black Hawk вертолёти топширилган. “Толибон” бошқарувидаги Мудофаа вазирлиги эса буни қоралаган.

Афғонистон хавфсизлик хизмати собиқ қўмондонига кўра, “Толибон” ҳокимиятга келишидан аввал АҚШ мамлакат ҳарбий-ҳаво кучларини жами 229 та жанговар ва транспорт вертолёти билан таъминлаган. Ўзбекистон расмийлари авиатехникалар АҚШ мулки эканини, уларни қайтариш масаласи кўриб чиқилмаслигини қайд этганди.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар