Баграм ҳаво базаси, Афғонистон. Аввалига советлар, сўнг НАТО коалицияси учун плацдарм сифатида хизмат қилган объектдан “Толибон” дунёга сигнал юбориш учун фойдаланди. Толиблар база ҳудудида ғалаба паради ўтказиб, АҚШ кучлари томонидан ташлаб кетилган умумий қиймати 7 миллиард долларлик ҳарбий техника ва қурол-яроғларни ўзининг қудрат тимсоли сифатида намойиш қилди. Ушбу вазиятга қандай келиб қолинганини тушуниш учун эса бир неча йил ортга назар ташлаш кифоя.
2021 йил. Қўшма Штатларнинг қарийб 150 миллиард доллар маблағи ҳисобига 20 йил ушлаб турилган Афғон ҳукумати яшин тезлигида қулади. 80 миллиард доллар эвазига ўқитилган ва қуроллантирилган армия эса деярли жангсиз тарқаб кетди. Буларнинг бари оғир қуролларга эга бўлмаган “Толибон”га ҳокимиятни қўлга олиш имконини берди. АҚШ ўз қўшинларини Кобулдан олиб чиқар экан, дунё жараёнларни диққат билан кузатди.
“Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллаганидан 4 йил ўтди. Улар Афғонистонга деярли ярим аср кутилган неъмат, яъни тинчликни олиб келди. Бироқ толибларнинг мутаассиб бошқаруви ҳамда айрим сиёсий қарорлари халқаро ҳамжамиятга киришиб кетишдан тўсмоқда. Янги ҳукуматни ҳозирга қадар фақат Россия тан олди, Ўзбекистон эса вақти соати ҳали келмаганини қайд этди. Ғарб эса инсон ҳуқуқларини рўкач қилиб, Кобулга нисбатан қўйилган чекловларни олиб ташлашдан бош тортяпти. Бу эса иқтисодий-ижтимоий вазиятни оғирлаштирган.
Таассуфки, Афғонистонда ҳукм сураётган мураккаб вазият толибларни ислоҳотлар ўтказиш, халқаро ҳамжамият билан муносабатларни илиқлаштиришга ундагани йўқ. Улар бунинг ўрнига ўз мушакларини кучайтириш, шу орқали ички норозилик тўлқинини босиб туришга ҳаракат қилмоқда. Маълум маънода бунга эришишди ҳам.
Пентагон томонидан 2022-йили Конгрессга тақдим этилган ҳисоботига кўра, америкаликлар қолдириб кетган қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларнинг умумий қиймати тахминан 7 миллиард долларга баҳоланади. Бошқача айтганда, толиблар собиқ афғон ҳукуматига тегишли 20 мингдан зиёд турли моделдаги зирҳли транспорт воситалари, 40 мингдан ортиқ пикап ва енгил тактик автомобиль, 8 мингта юк машинаси, 20 мингга яқин тунги кўриш ашёлари ҳамда қарийб 400 минг ўточар қуролни қўлга киритган.

Мамлакатнинг турли секта ва гуруҳлари 1979-йилдан буён ташқи ўйинчилар томонидан дастаклаб келинганини ҳисобга олсак, Афғонистонда ҳад-ҳисобсиз қурол-яроғ бор. Марказий ҳукумат уларнинг барчасини ҳам назорат қила олмайди. Шу боис вақти-вақти билан чекка ҳудудларда террорчиларнинг махфий ячейкалари кўриниш бериб туради.
“Толибон” ҳарбий салоҳияти
“Толибон” ҳаракатига 1994-йили Мулла Муҳаммад Умар томонидан асос солинди. Улар ўша йилнинг ўзидаёқ Қандаҳор шаҳрини эгаллаб, биринчи йирик ғалабасини қўлга киритишди. Орадан икки йил ўтиб, пойтахт Кобул ҳам “Толибон” назоратига ўтди.
Мулла Муҳаммад Умар тарафдорлари Қўшма Штатлар Афғонистонга бостириб киргунга қадар мамлакатнинг катта қисмини назорат қилди. 2001-йили Покистон ва у билан чегарадош ҳудудларга чекиниб, америкаликларга қарши кураш бошлади. Асосан пуштунлардан ташкил топган тузилма пистирмалар уюштириш, худкушлик актлари ва йўлларни миналаштириш каби тактикаларга таянарди.
Бу эса АҚШ ва иттифоқчи давлатлардан 3500 нафар ҳарбийнинг қурбон бўлишига олиб келди. Қолаверса, НАТО қўшинларини таъминлаш учун жалб этилган қарийб 3600 нафар пудратчи ҳам ҳалок бўлди. Афғонистон ҳукумати ҳамда “Толибон” тахминан бир хил кўламда – 60 мингдан зиёд талафот кўрди.
АҚШ қўшинлари мамлакатни ташлаб кетиши ортидан “Толибон” мураккаб сиёсий ва технологик вазифа билан юзлашди. Боиси унинг қўшинлари партизанлик асосида жанг қилишга ўқитилган бўлиб, замонавий армиялардан кескин фарқ қилар эди. Шу туфайли, биринчи навбатда, Афғон ҳукуматидан қолган ҳарбий техника ва қурол-яроғлар устидан назорат ўрнатилди.
Америкаликлар эвакуациядан аввал уларнинг аксариятини демонтаж қилгани сабаб бу осон кечмади. Мутахассислар, эҳтиёт қисмлари билан боғлиқ муаммо кузатилди. Баъзи ҳолатларда муайян детални олиш учун бошқа техникани қурбон қилишга тўғри келди. Ҳарбий муҳандисликда “каннибализм” деб аталган жараён сабаб активларнинг фақат бир қисмини жанговар сафга қайтаришга муваффақ бўлинди. Шунга қарамай, “Толибон” қисқа вақт ичида юзлаб ҳарбий техникаларни ўз инвентарига қабул қилиб олди.
Бироқ гап фақат моддий таъминот билан боғлиқ эмас. 40 йил давом этган можаро сабаб мамлакатда қурол-яроғ муаммоси деярли йўқ. Қолаверса, ярим асрдан буён илк бор тизимлашган марказий ҳокимият мавжуд. Бироқ бу фақат дастлабки босқич бўлиб, олдинда партизан ташкилотдан замонавий давлатнинг мунтазам, оптимал ва энг асосийси, профессионал қуролли кучларини яратишдек мураккаб вазифа турибди.
Бу учун, биринчи навбатда, тажрибали мутахассислар, айниқса малакали офицерлар таркиби етишмаяпти. Боиси собиқ ҳукумат даврида хизмат қилган ҳарбийларнинг катта қисми мамлакатни ташлаб қочган. Қолганлари ҳам радикал ўзгаришлар қила оладиган сонда эмас. Қолаверса, замонавий қуролли кучларни қуриш жуда қиммат жараён ҳисобланади. Афғонистон оғир иқтисодий муаммолар билан юзлашаётган бир вақтда буни амалга ошириш имконсиз.
Бундан ташқари, “Толибон” салбий репутация ҳам қозонган. Шу боис Кобул ташқи дунё билан ҳарбий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўя олмайди. Яъни Кобул уларга хайрихоҳ мамлакатлардан қурол-яроғ сотиб олиши, ҳатто инструкторлар жалб этиши мумкин эмас. Эски иттифоқчи – Покистон билан эса алоқалар совуқлашган. Икки мамлакат бир неча бор қуролли низога ҳам киришга улгурди.
Мана шундай тўқнашувларнинг энг сўнггиси жорий йилнинг 10 октябрь санасида бошланиб, олти кун давом этди. Чегараолди ҳудудларда бошланган отишма қисқа вақт ичида йирик можарога айланди. “Толибон” профессионал армияга хос ҳаракатлар билан ўз кучларини сафарбар этиб, рақиб томонга талафот етказди. Ҳатто баъзи ҳолатларда Украина урушидан олинган тажрибаларга мурожаат қилиб, учувчисиз учиш қурилмаларидан ҳам фойдаланди.
Бироқ мазкур тўқнашув Кобул олдида ҳали ҳам жиддий муаммолар борлигини кўрсатиб қўйди. Покистонликлар ўзининг технологик устунлигидан фойдаланиб, тунги шароитда ҳам жанг олиб борди. Покистон ҳарбий ҳаво кучлари эса Афғонистоннинг йирик шаҳарларини бомбардимон қилди. Замонавий ҳаво мудофаа тизимлари йўқлиги боис “Толибон” ҳужумларни қайтара олмади. Бундан ташқари, мутаносиб жавоб қайтаришнинг ҳам имкони бўлмади. Боиси Кобулда бунинг учун на ҳарбий ҳаво кучлари, на узоқ масофага парвоз қилувчи ракета ва дронлар бор эди.
“Толибон” қуроллари
АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этганининг 3 йиллиги муносабати билан ўтказилган парад “Толибон” ихтиёрида қандай қуроллар борлигини билиб олишга ёрдам берди. Баграм базаси бўйлаб тури русумдаги зирҳли транспорт воситалари, Т-62 танклари, БМ-21 “Град” ялпи ўт очиш тизимлари олиб ўтилди. Толиблар, қолаверса, Совет Иттифоқининг 9К52 Луна-М ракета артиллерия тизимларини ҳам намойиш этди. Улар 1960-йилларда ишлаб чиқарилган бўлиб, максимум 65 км масофадаги нишонларга зарба беради. Бироқ аниқлиги паст: белгиланган координаталардан 700 метргача оғиб кетиши мумкин.

9К52 Луна-М ракета артиллерия тизими Баграм базасида
Фото: Видеодан кадр
Аммо “Толибон” бундан ҳам қудратлироқ қуролга эга. Унинг номи Сcуд бўлиб, Совет Иттифоқи томонидан ишлаб чиқарилган. Мазкур ракета баллистик траектория бўйлаб парвоз қилиб, 300 км масофадаги нишонларга зарба беради. Бироқ у ҳам 450-900 метргача оғиб кетиши мумкин. Шунга қарамай, Сcуд ўзининг қарийб бир тонна оғирликдаги жанговар каллаги билан вайронкор оқибатларга олиб келиши муқаррар. Қолаверса, у соатига 5 мах тезликда парвоз қилиши, бошқача айтганда, бир сонияда 1,4 километрни босиб ўтиши мумкин. Шу боис аксар ҳаво мудофаа тизимлари учун муаммо туғдиради.
“Толибон” Баграм базасидаги парад вақти ҳар икки ракета тизимини ҳам намойиш қилди. Бироқ улар ўзлари мустақил ҳаракатланмай, юк машиналарида олиб ўтилгани айрим саволларни пайдо қилди. Толиблар ихтиёрида уларни жанговар ҳолатда ушлаш учун техник тажриба ёки эҳтиёт қисмлар бўлмаслиги мумкин.

Фото: Видеодан кадр
Бироқ “Толибон”ни профессионал қуролли кучларни ташкил этишдан тўсиб турган энг жиддий омил самолётлар бўлиб турибди. Улар собиқ Афғон ҳукуматидан Ми-17, УҲ-60 ва МД530 вертолётлари, шунингдек, C-130 транспорт самолётларини қабул қилиб олган. Қолаверса, Embraer ЭМБ Супер Туcано ва Cessna АC 208 каби учоқлар ҳам уларнинг назоратига ўтган. Толиблар номаълум сондаги вертолётларни жанговар сафга қайтаришга муваффақ бўлди. Аммо эҳтиёт қисмлари таъминоти узилган шароитда вертолётларни қачонгача ҳавода сақлаб қола олиши номаълум.
“Толибон” мавжуд инвентарни сақлаб қолишга қийналаётган бир вақтда ҳеч қайси давлат янги самолётлар, айниқса, қирувчиларни сотмайди. Ҳаво мудофаа тизимлари билан ҳам худди шундай дейиш мумкин. Афғонистон ўз осмони устидан назоратни қўлдан бой берган тақдирда, бу жиддий талафотларга олиб келади. Толиблар эса яна партизанлик тактикаларига таянишига тўғри келади. Қолаверса, Кобулни тийиб туриш учун кучли механизмларга эга эмас. Улар мураккаб релефдан фойдаланиб, ўз заминида яхши жанг олиб бориши мумкин. Аммо жавоб қайтариш учун на қирувчи самолётлар, на узоқ масофали дронларга эга.

Агар гап фақат рақамлар ҳақида кетса, Афғонистон ҳозир минтақанинг энг қудратли армияларидан бирига эга. Бироқ ҳарбий салоҳият фақат танклар сони билан ўлчанмайди. Юқорида қайд этилганидек, “Толибон” ҳозирча қуролли кучларнинг мураккаб институтини шакллантира олгани йўқ. Қолаверса, изоляция сабаб юқори технологиялар бозорига кира олмайди. Толиблар бир неча ўн йиллар давомида орттирган жанговар тажриба эса профессионализмдан узоқ бўлиб, партизанликка асосланган. Улар кенг кўламли уруш шароитида қўшинлар ўртасидаги мувофиқликни қай даражада таъминлай олиши баҳсли масаладир.
Шунга қарамай, “Толибон” ўз ички имкониятларидан фойдаланиб, қуролли кучларини модернизация қилишга уринмоқда. Бунда унга баъзи давлатлар енг ичида ёрдам бераётган бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қила олмаймиз. Бошқа тарафдан, Кобул усиз ҳам чекланган ресурсларнинг катта қисмини ижтимоий мақсадлар учун эмас, балки ҳарбийларга сарфламоқда.
Бу иқтисодий қийинчиликлар сабаб ошиб бораётган ички норозиликни босиб туриш учун қилинаётган бўлса-да, масала “Толибон”нинг моҳиятига ҳам бориб тақалиши мумкин. Чунки у уруш вақтида, уруш учун туғилди. Бундай тузилмалар барқарор тинчлик замонида ўз таъсирини йўқотиб, юз минглаб тарафдорларини сақлаб қолишда қийналади.
Ҳумоюн Тожиддинов тайёрлади.








