Афғонистон ҳукумати бир йилдан ортиқ вақт ҳибсда сақланган АҚШ фуқароси, тилшунос ва тадқиқотчи Дэннис Койлени озод қилди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Маълум қилинишича, Койленинг оиласи “Толибон”га хат ёзиб, Рамазон ҳайити муносабати билан уни афв этишни сўраган. Натижада Афғонистон Олий суди унинг ҳибс муддатини етарли деб топган ва озодликка чиқариш ҳақида қарор қабул қилган. “Толибон” озод этиш жараёни БАА воситачилигида амалга ошганини билдирди. Бу қарор “инсонпарварлик ва эзгу ният” ифодаси эканини таъкидланган.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио БАА ва Қатарга Койлени озод қилишдаги ёрдами учун миннатдорлик билдирди. У буни “гаров дипломатияси амалиётини тугатиш йўлидаги ижобий қадам” деб баҳолади.
Март ойи бошида Рубио “Толибон“ ҳукуматини “ноқонуний ҳибсга олишнинг давлат ҳомийси” деб атаганди. У Афғонистон АҚШ фуқароларининг ташрифи учун хавфсиз эмаслиги ҳақида огоҳлантирганди.
“Толибон” айни дамда Афғонистонда ноҳақ ҳибсга олинган Дэннис Койле, Маҳмуд Ҳабибий ва барча америкаликларни озод қилиши ҳамда гаровдаги дипломатия амалиётини абадий тўхтатиш мажбуриятини ўз зиммасига олиши керак, деган эди Рубио 9 март кунги баёнотида.
Хорижда ҳибсга олинган АҚШ фуқароларининг озод этилиши тарафдори бўлган Foley Foundation гуруҳи маълумотларига кўра, Коел 2025 йил январь ойида “академик тадқиқотчи сифатида афғон тил ҳамжамиятларини қўллаб-қувватлаш учун қонуний фаолият юритаётганида” “Толибон” томонидан қўлга олинган.
У деярли бир кишилик камерада сақланган, ҳатто ҳожатхонадан фойдаланиш учун ҳам рухсат сўраши керак бўлган ва етарли даражадаги тиббий ёрдамдан маҳрум бўлган, дейилади Foley Foundation баёнотида.
Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги Койле “Афғонистоннинг амалдаги қонунларини бузгани учун” ҳибсда ушлаб турилганини айтган, бироқ тафсилотларга тўхталмаган.
“Афғонистон ҳеч бир давлат фуқаросини сиёсий мақсадларда ҳибсга олмайди, балки ўз қонунларини бузгани учун ушлайди”, деди “Толибон“ ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий.
Маълумот ўрнида, 2025-йили яна беш нафар АҚШ фуқароси озод қилинган эди ва “Толибон” ҳукумати буни ҳам “эзгу ният ишораси” деб атаган.








