АҚШ кучларини Афғонистондан ҳайдаб чиқарганидан беш йил ўтиб, “Толибон” америкаликларни яна мамлакатга таклиф қилмоқда. Бироқ бу сафар ҳарбийлар эмас, балки дипломатлар ва сармоялар кутилмоқда. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий Кобулда The New York Times нашрига интервью берди.
“Биз уруш саҳифаси ёпилди деб ҳисоблаймиз. Энди ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар ва ижобий ҳамкорликнинг янги даврини бошламоқчимиз”, деди Афғонистон ташқи ишлар вазири.
Муттақийнинг таъкидлашича, АҚШ ўз элчихонасини қайта очиши, дипломатик иштирокини сақлаб қолиши ҳамда Афғонистоннинг бой минерал ресурслари, тўғонлари ва йўлларига сармоя киритиши мумкин. Ваҳоланки, АҚШнинг учта администрацияси ва уларнинг иттифоқчилари бу лойиҳаларни ривожлантириш учун миллиардлаб доллар сарфлаган, “Толибон” эса 20 йил давомида уларни йўқ қилишга уриниб келган эди.
Юқори мартабали “Толибон” расмийсининг сўнгги йиллардаги ушбу очиқ баёноти мамлакатни халқаро изоляциядан олиб чиқиш ёлидаги навбатдаги уринишидир. Бу йўналишда ҳозирча турлича натижалар кузатилмоқда.
Ўтган бир йил давомида “Толибон” администрацияси Россия билан мудофаа соҳасида ҳамкорлик келишувини имзолади. Марказий Осиёдаги қўшнилари, жумладан, Ўзбекистон билан ўнлаб савдо шартномаларини тузди. “Толибон” расмийлари Форс кўрфази мамлакатларига мунтазам равишда ташриф буюриб, Сурия президенти Аҳмад аш-Шараъа билан учрашди. Шунингдек, улар афғонистонлик мигрантларни ортга қайтаришни истаётган Европа давлатлари билан ҳам ҳамкорлик қилмоқда.
Кобул сиёсатидан хабардор собиқ АҚШ ва Афғонистон расмийларининг таъкидлашича, “Толибон” ҳукумати Дональд Трамп администрацияси билан муносабатларни тиклашни ўз дипломатик саъй-ҳаракатларининг энг олий ютуғи деб билган бўларди. Чунки Трамп администрацияси тижорат дипломатиясига мойил ва инсон ҳуқуқларига унчалик эътибор қаратмайди.
“Толибон” бутун Афғонистонда тартиб ва хавфсизлик ўрнатганини, давлат бошқарувини коррупциядан тозалаётганини ҳамда хорижий сармоялар учун қулай шароитлар яратганини даъво қилмоқда. Бироқ АҚШ билан муносабатларни йўлга қўйиш саъй-ҳаракатлари тўхтаб қолган. Хусусан, Трамп администрацияси 2025-йилда “Толибон”дан янада узоқлашди.
Вашингтон 2026 йил бошида Афғонистонга ўнлаб ҳаво зарбалари берган Покистон билан яқинлашди. Шунингдек, Қўшма Штатлар “Толибон”нинг кам сонли доимий ҳамкорларидан бири бўлган Эрон билан уруш олиб бормоқда. Бундан ташқари, АҚШ “Толибон”ни ноқонуний ҳибсга олишларни қўллаб-қувватловчи субъект деб топган, афғонларга виза беришни тўхтатган ва уларнинг Қўшма Штатларга киришини тақиқлаган.
Шу билан бирга, “Толибон” ҳам Трамп очиқ сўраган бир нечта талабларни, жумладан, АҚШ кучлари 20 йил давомида эгаллаб турган Бағрам авиабазасини қайтариш бўйича таклифни рад этган.
“Тарих кўрсатганидек, ҳеч бир афғон ўз ерида бошқа мамлакатнинг ҳарбий иштирокини истамайди ва бунга тоқат қилмайди”, деди Муттақий.
АҚШ жавоби
АҚШ Давлат департаменти Муттақийнинг таклифига ёзма жавобида муносабатларни меъёрлаштириш эҳтимолини рад этди. Департамент матбуот котибига таяниб берилган жавобда “Толибон” Афғонистонни барқарор қила олмагани ва антитеррор мажбуриятларини бажармагани айтилади. Аксинча, ҳукумат террорчи гуруҳларга Афғонистондан ҳужумлар учун платформа сифатида фойдаланишга рухсат берган.
АҚШ Давлат департаментининг билдиришича, Вашингтон “Толибон” билан “фақат Америка халқининг манфаатларига мос келгандагина” мулоқот қилади. Айни пайтда, Муттақий АҚШдан ташқари бошқа ҳар қандай мамлакатни ҳам Афғонистонга сармоя киритишга чақирди. Сабаби ҳозирда “Толибон” ҳукумати хорижий капиталга жуда муҳтож.








