Яман ҳусийлари 27 апрель куни Қизил денгизда йирик нефть танкерига ҳужум уюштирган. Бу ҳақда Al Jazeera нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, ҳусийлар Буюк Британияга қарашли йирик нефть танкерига ҳужум қилган ва МQ-9 Reaper ҳарбий дронини уриб туширган. Гуруҳ расмийлари Исроилнинг Ғазодаги урушига жавобан ҳужумларини кўпайтиришини билдирган.
Ҳусийларни бирлаштирган “Ансор Аллоҳ” ҳаракати ҳарбий воизи Яҳё Сари бугун, шанба куни эрталаб эълон қилган баёнотида Британиянинг Andromeda Star нефть танкери Қизил денгизда ракеталар билан нишонга олингани айтилган. АҚШ ҳарбийлари ҳам ҳусийлар Қизил денгиздаги бир нечта нишонларга ракета учирганини тасдиқлаган.
Reuters манбасига кўра, Andromeda Star кемаси Сейшел оролларида рўйхатдан ўтган. Қизил денгиз бўйлаб олдин ҳам бир неча бор ҳаракатланган.
Ҳусийлар ҳарбий воизи, шунингдек, Ямандаги ҳаво мудофаа кучлари АҚШ ҳарбийларининг МQ-9 Reaper ҳужумчи учувчисиз самолётини “душманлик миссияларини бажараётган пайтда” Саада губернаторлиги ҳаво ҳудудида ракета билан уриб туширганини маълум қилган. АҚШ ҳарбийлари дрон ҳақида изоҳ бермаган, бироқ CBS News телеканали Яманда 30 миллион доллар турадиган МQ-9 “ҳалокатга учраганини” тасдиқлаб, тергов давом этаётганини айтган.
Ҳусийлар Адан кўрфазида Исроилнинг МSC Darwin кемаси нишонга олинганини ҳам хабар бериб, Исроил жанубидаги Эйлат порт шаҳридаги нишонларга бир қатор ракеталар ва дронлар ҳужуми ташкил этилганини билдирган.
Изоҳ (0)