Тожикистон ҳукумати Молия вазирлигига “Роғун ГЭС” очиқ акциядорлик жамияти устав фондини тўлдириш учун 60 миллион сомоний (5,5 миллион доллардан ортиқ) маблағ ажратишни топширди. Бу ҳақда AsiaPlus хабар берди.
Ҳукумат томонидан 8 апрелда қабул қилинган тегишли қарор мамлакат Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди. Ҳужжатда аниқлик киритилишича, маблағлар Иқтисодиётни ривожлантиришни барқарорлаштириш жамғармаси ҳисобидан ажратилади. Жамғарма бу маблағларни республика бюджетига келиб тушган давлат акциялари бўйича дивидендлар ҳисобидан олади.
- 2024 йилнинг январь ойида Тожикистон ҳукумати ўз қарори билан ушбу жамғармадан Роғунга 100 миллион сомоний (9,1 миллион доллардан ортиқ) маблағ жўнатиш бўйича кўрсатма берган.
- 2023 йилда Роғун ГЭС қурилишига Тожикистон бюджетидан 5,2 миллиард сомоний сарфланган, бу режадан 2,7 миллиард сомонийга кўпдир. Мамлакат энергетика идоралари Роғун ГЭСни амалга ошириш учун ҳар йили 1 миллиард долларга яқин маблағ ажратиш керак, деб ҳисоблайди.
Роғун ГЭС тўғонини қуриш 1976 йилда бошланган, аммо Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин тўхтатилган. 1991 йилдан кейин Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов Роғун ГЭС қурилишига қарши чиққан. У сейсмик жиҳатдан хавфли ҳудудда дунёдаги энг баланд тўғон пайдо бўлишидан хавотир билдирган.
Ислом Каримов Қирғизистондаги Қамбарота сув тўғони 275 метр баландликда, Роғун 350 метр баландликда қурилаётгани ҳисобга олинса, бу иккала лойиҳа қурилиши бу ерда яшаётган инсонлар ҳаётига таҳдид бўлиши мумкинлигини айтган.
Ўзбекистон ҳукумати Амударёга келадиган сув тўсилиши орқали қишлоқ хўжалиги жиддий зарар кўриши, шунингдек, минтақада эҳтимолий зилзила тўғонни бузиб, ҳудудларни сув остида қолдириши мумкинлигини инобатга олган ҳолда бу лойиҳага рози бўлмаган.
- 2016 йил Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев тожикистонлик ҳамкасби Қоҳир Расулзодага Тожикистоннинг Роғун ГЭСни қуриш режасига нисбатан хавотир билдирилган мактуб юборган. Унда улкан ГЭС мажмуаси қурилиши учун танланган майдоннинг сейсмиклиги Рихтер шкаласи бўйича 9−10 балл бўлган тоғ ҳудудида экани таъкидланган.
ГЭСнинг биринчи агрегати Тожикистон президенти томонидан 2018 йилнинг ноябрь ойида ишга туширилган. Маросимда бир қатор давлатлар, жумладан, Ўзбекистоннинг юқори мартабали вакиллари иштирок этган. Биринчи блок ишга туширилгач, ГЭС мамлакатнинг умумий энергетика тизимига уланган.
Иккинчи агрегат 2019 йил сентябрь ойида ишга туширилган. Мамлакат мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Эмомали Раҳмон ҳам иштирок этган.
ГЭС қурилишини ким молиялаштирмоқда?
Роғун ГЭС қурилиши ҳозиргача фақат давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда. 2008 йилдан буён мазкур ГЭС қурилиши учун давлат бюджетидан 35 миллиард сомонийдан ортиқ маблағ ажратилган.
2022 йилда Жаҳон банки томонидан мувофиқлаштирилган Роғун ГЭС қурилишига халқаро донорлар маблағларини жалб қилиш бўйича консорсиум тузилган.
- Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Осиё инфратузилма инвестициялари банкидан 500 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит жалб этиш бўйича келишувларга эришилган.
- Бундан ташқари, Ислом тараққиёт банки ушбу объектни молиялаштириш ҳажмини аввал эълон қилинган 150 миллион доллардан 250 миллион долларгача ошириш ниятида.
- 2023 йил октябрь ойи охирида Саудия тараққиёт жамғармаси ҳам 100 миллион доллар кредит беришга тайёрлигини маълум қилганди.
Изоҳ (0)