АҚШ бир килограммли олтин қуймалар импортига бож жорий этди. Натижада олтин нархи тарихдаги энг юқори даражага кўтарилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Жаҳон бозорида спот-олтин бир унсия учун 3 394,36 доллар даражасига етди. Бу 23 июлдан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Ҳафта бошидан бери олтин нархи қарийб 1 фоизга ошган. Декабрда етказиб бериладиган олтин фьючерслари эса 2,32 фоизга кўтарилиб, 3 534,10 доллар билан рекорд даражани қайд этди. Аввалги рекорд 22 апрель ойида қайд этилиб, 3509,9 доллар бўлган. Божлар ҳақидаги хабар ортидан Нью Йорк фьючерслари ва спот нархлари ўртасидаги фарқ 100 доллардан ошди.
Олтин қуймаларига қўйилган божлар йирик банклар ўртасидаги ҳисоб-китобларда муаммолар келтириб чиқармоқда, бу эса эрталабдан бошлаб ликвид нархларга таъсир қилди, деди Сингапурдаги GoldSilver Central компанияси бошқарув директори Брайан Лан.
Трамп томонидан жорий этилган янги божлар 8 августдан кучга кирган бўлиб, Швейцария, Бразилия ва Ҳиндистон каби йирик савдо ҳамкорларини муқобил савдо йўлларини излашга мажбур қилди.
Олтин одатда сиёсий ва молиявий беқарорлик даврларида энг хавфсиз актив сифатида кўрилади. Шу билан бирга, кумушнинг спот нархи 0,4 фоизга пасайиб, бир унсия учун 38,15 долларга тушган. Платина 0,1 фоизга камайиб, 1 332,59 доллар бўлган; палладий эса 0,2 фоизга арзонлашиб, 1 148,77 долларни ташкил этган.
Изоҳ (0)