Ўзбекистонга тижорат мақсадида келган хорижликлар сони 3,4 баробарга ошди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь июнь ойларида жами 223,6 минг нафар чет эл фуқаролари тижорат мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 158,6 минг нафарга ёки 3,4 баробарга кўп.
Жорий йилнинг 6 ойида Ўзбекистонга тижорат мақсадида келган чет эл фуқаролари мамлакатлар бўйича қуйидагича:
- Афғонистон — 207 536 нафар;
- Тожикистон — 12 244 нафар;
- Туркманистон — 1 642 нафар;
- Россия — 451 нафар;
- Туркия — 276 нафар;
- Қозоғистон — 255 нафар;
- бошқа давлатлар — 1 177 нафар.
Бундан кўринадики, 6 ойда тижорат мақсадида келган чет эл фуқаролари орасида афғонистонликлар улуши энг кўп — 92,7 фоизни ташкил этди. 2024 йилнинг январь июнь ойларида 1569 нафар афғонистонлик тижорат учун Ўзбекистонга келганди. Бу кўрсаткичлар таққосланса, афғонистонлик тадбиркорларнинг Ўзбекистонга келиши 132 баробар ошди.
Август ойининг бошларида Афғонистон ва Ўзбекистон хусусий секторлари ўртасидаги қўшма ишбилармонлик учрашувида умумий қиймати 20 миллион доллардан ортиқ бўлган 45 та савдо ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуруддин Азизи Афғонистон ва Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар тарихда камдан-кам учрайдиган мисли кўрилмаган даражага етганини айтганди.
Ўзбекистон ва Афғонистоннинг ўзаро савдо ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган. 2024 йил октябридан икки мамлакат ўртасида имтиёзли савдо келишув битими ишга тушган. Битим доирасида келишилган қатор маҳсулотларга, шу жумладан, Афғонистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, гиламларга, айрим қурилиш материалларига импорт божлари бекор қилинган. 2024 йилнинг августида “Термиз” халқаро савдо маркази очилган.
Изоҳ (0)