Тошкентда “Ҳамширалар учун Германия тиббиёт академияси” ташкил этилади, деб хабар бермоқда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, шу вақтгача Германияда тиббиёт соҳасида ишлаш истагида бўлган фуқаролар ушбу давлатга боргач, 6-8 ой вақтини мослашиш учун сарфлаган. Янги лойиҳага кўра бундай бўлмайди. Ўзбекистоннинг ўзида касб ва тилга мақсадли ўқитилади.
Бу ҳақда Самарқандда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Германиянинг Globogate Concept AG концерни ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномасида белгилаб қўйилди.
“Ҳамширалар учун Германия тиббиёт академияси” “Даволаш бўйича Европадаги иккинчи йирик университет клиникаси Аахен билан биргаликда Тошкентдаги Абу Али Ибн Сино номидаги 1-Республика тиббиёт техникуми базасида немис тиббий-таълим дастурлари асосида ташкил қилинади.
“Бир йил давомида касб ва тил ўргатилади. Муҳими, улар диплом олиш билан бир қаторда Германияда ишлаш ҳуқуқини берувчи касбий сертификатни ҳам қўлга киритади”, деди Globogate Concept AG концерни бош директори Санг Ву Пай.
Шартномада фуқароларнинг ҳуқуқлари икки давлат қонунлари билан ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган.
Ҳамширалар академияси ташкил этилиши ҳақида президентнинг 20 июндаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланганди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида 2024 йилда Ўзбекистондан 800 нафардан ортиқ ҳамшира Германияга ташкилий ҳолда юборилиши, уларнинг ойлиги камида 2200 минг евро эканини айтганди.
Март ойида Беҳзод Мусаев Германиянинг Маngold Consulting Gmbh компанияси президенти Клаус Манголд ҳамда бошқарувчи директор, доктор Кристоф Манголд билан учрашиб, хорижда ишловчилар учун шароитлар, касб-ҳунарга ўқитиш ва ўзбекистонликларни Германияда талаб юқори бўлган ишларга жалб қилиш масалаларини муҳокама қилганди.
Суҳбат давомида Германиядаги катта демографик жараёнлар боис бошқа давлатлардан меҳнат кучига талаб ортиб бораётгани, жумладан, 1000 дан ортиқ шифохоналарга тиббиёт ходимлари етишмаётгани ва бу борада Ўзбекистон томони ушбу бўшлиқни тўлдиришга тайёрлиги айтилганди.
Изоҳ (0)