Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида қиз 16-қаватдан ўзини ташлаб жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура “Дарё”га янги тафсилотларни очиқлади.
Унга кўра, Олмалиқ шаҳар, “Увайсий” МФЙ ҳудудида жойлашган Улуғбек кўчаси 45-уйнинг 16-қаватидан ёши тахминан 20-22 ёшлардаги аёл киши ўзини ташлаб, ўз жонига қасд қилган. Воқеа жойи кўздан кечирилганда ушбу уйнинг том қисмига чиқиш темир эшигининг қулфи бузилган ҳолатда экани аниқланди.
Мурдадан олинган бармоқ излари вилоят ИИББ мавжуд электрон тизим билан солиштирилганда, бармоқ излари Олмалиқ шаҳрида яшовчи, 2005 йилда туғилган Турғунбоева Гулноза Рустам қизига тегишли экани маълум бўлди.
Ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Фуқаро Г.Турғунбоеванинг ўз жонига қасд қилиш сабабларини аниқлаш мақсадида Олмалиқ шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Жонига қасд қилган қизлар
Аввалроқ Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида 17 ёшли қиз ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар қилинганди. 2006 йилда туғилган вояга етмаган қиз (Туркия фуқароси) номаълум сабабларга кўра, 6-қаватдан ўзини ташлаган. Олган тан жароҳатлари оқибатида у шифохонада вафот этган.
Шунингдек, Фарғона вилоятининг Бувайда туманида 16 ёшли қиз ўзини осиб қўйганди. Марҳуманинг яқин қариндошлари сўнгги вақтларда унинг руҳияти бузилиб қолгани, ўз жонига қасд қилишида ҳеч кимнинг айби йўқлигини изоҳлаб, тушунтириш берган.
Бундан ташқари, Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида 18 ёшли қиз юқори қаватдан ўзини ташлаб, жонига қасд қилган. Воқеа гувоҳи бўлган аёлнинг сўзларига кўра, марҳума ўзини ташлашидан олдин ушбу уйлар атрофига бир неча маротаба келиб кетган.
Изоҳ (0)