Исроилнинг Сербиядаги элчихонаси яқинида 29 июнь куни қуролли шахс томонидан ҳужум содир этилган. Бу ҳақда Reuters нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, муқаддам насронийликнинг серб православ оқимида бўлган, яқинда исломни қабул қилган Салоҳуддин Зуёвич исмли фуқаро Исроил элчихонаси яқинига келиб, бинони қўриқлаётган полиция ходимига арбалетдан ўқ узган. Оқибатда полиция офицери бўйнидан жиддий жароҳат олган.
Ҳужум содир бўлган пайтда зудлик билан ҳудудга қўшимча полициячилар етиб келган ҳамда Салоҳуддин Зуёвучни отиб ўлдирган. Ушбу воқеаларда Исроил элчихонаси ходимларидан ҳеч ким жароҳат олмаган.
Арбалет ўқидан жароҳатланган полициячи зудлик билан касалхонага олиб кетилган ва операцияга киритилган. Ҳозирда унинг аҳволи барқарор экани хабар берилган.
Сербия президенти Александр Вучич ҳолат юзасидан муносабат билдирган. У элчихонага ҳужумни теракт дея баҳолаган ҳамда қуролли тажовузга алоқадорларнинг барчаси аниқланишини айтган.
“Биз ҳужумчининг шерикларини қидирмоқдамиз. Биз барча дипломатик ваколатхоналарни ҳимоя қиламиз, шунингдек, хавфсизлик ва ҳимояни кафолатлаймиз”, — деган Сербия президенти.
Расмийларга кўра, ҳужумга алоқадорликда гумон қилиниб, бир неча киши ҳибсга олинган. Терговчилар ҳибсга олинганларнинг мусулмон ваҳобий йўналиши тарафдорлари билан эҳтимолий алоқаларни текширмоқда.
Изоҳ (0)