Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 3 июндаги йиғилишида депутат, “Миллий такланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров боғча ва мактаблардаги айрим камчиликлар тўғрисида фикр билдирди. Унинг айтишича, давлат бюджетидан таълим-тарбия соҳасига ажратилаётган маблағлар тўлиқ самара бермаяпти.
Алишер Қодиров парламентдаги нутқида давлат бюджетидан таълим-тарбия соҳасига ажратилаётган маблағлар самарадорлигига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида гапирди. Депутат сўзини боғчаларга етарли эътибор қаратилмаётганидан бошлади.
“Мамлакатда 34 мингтага яқин боғчалар қурилди. Бу осон бўлаётгани йўқ. Қамров даражаси 70 фоизга яқинлашди. Лекин такрор айтяпмизки, бу ишнинг ичида мазмун йўқолиб қолмаслиги керак. Агар битта тарбиячига 30 нафар бола тўғри келаётган бўлса, демак биз боғчадаги мақсадимизга эришмаяпмиз ҳисоб. Агар битта боғча тарбиячиси 1 миллион сўм атрофида ойлик олаётган бўлса, бу бинолар ичидаги мақсадимизга эришмаяпмиз дегани. Биз Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ушбу масалага етарлича эътибор қаратмаяпти, деб ҳисоблаяпмиз. Тўғри, мактабларда ўқитувчиларнинг ойлик-маошини ошириш ва улар учун шароитларни яхшилаш бўйича кўп ишлар қилинди. Лекин боғчаларга етарли эътибор қаратилмаяпти”, — деди партия раҳбари.
Алишер Қодировнинг таъкидлашича, мактабларда таълим сифати ва моддий-техник база масалаларида қатор муаммолар мавжуд.
“Мактаб ўқитувчиларининг малакаси бугунги дунё таълим тизимидаги ўзгаришлар билан мутаносиб кетаётгани йўқ. Биргина мисол, бюджетдан 7 триллион сўм маблағ мактаблардаги маънан эскирган компьютерларни ўзгартириш учун ажратиляпти. Бугун компьютер техникасининг ўзи маънан эскириб бўлди. Агар мактабларга ва таълимга рақамлаштиришни кирита олмасак, бугунги рақамлаштириш сиёсатига жавоб бера оладиган педагогларни тайёрлай олмасак, бюджетдан ажратилаётган маблағлардан кутилаётган самара бўлмайди. Бугун мактабларни электрон доскаларсиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Ўрганишларимизга кўра, республикадаги мактабларга электрон доскалар етишмайди. Шундай доскалар етишмаётган бир вазиятда маънан эскирган компьютерларни янгилашга 7 триллион сўм маблағ ажратиляпти. Бу қанчалик самарали — вазирлик, албатта, ўзи баҳо бериши керак”, —деди депутат.
Шунингдек, Алишер Қодиров олий таълим муассасаларига сарфланаётган маблағлар самарадорлиги юзасидан ҳам саволлар борлигини айтди.
“Олий таълим соҳасидан маблағ аялаётгани йўқ. Лекин кутилаётган самарадорлик масаласида муаммолар бор. 10 йил аввал бир педагог ойлик-маоши 300 долларга ҳам етмаган бўлса, ҳозир профессор-ўқитувчилар 3 минг долларга яқин ойлик оляпти. Лекин қани олий таълим муассасаларида бизнинг иқтисодиётимиз учун ташаббус, қани янги ғоялар, қани уларнинг иқитисодиётдаги иштироки ва малакали мутахассислари? Бу борада ҳам ишлатилаётган маблағлар самарадорлиги нуқтайи назаридан ўзимизнинг саволларимиз бор. Мазкур масала бўйича ўз таклифларимизни молиялаштиришга масъул бўлган идоралар билан бирга муҳокама қилишда давом этамиз”, — деди Алишер Қодиров.
Аввалроқ 2024 йилнинг январь–март ойларида Ўзбекистон бюджетидан давлатга қарашли боғчаларга 3 триллион сўм, мактабларга 10,4 триллион сўм, ОТМларга 1,6 триллион сўм ажратилгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)