Россиянинг Калининград шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйларнинг биридан тўрт нафар ўзбекистонликнинг жасади топилди. Бу ҳақда Калининград вилояти прокуратураси хабар қилди.

Маълум қилинишича, уларнинг жасади 13 апрель куни Гагарин кўчасидаги кўп қаватли уй хонадонида топилган. Дастлабки хулосаларга кўра, улар ис газидан заҳарланиб вафот этган. Жасадларда зўравонлик излари кузатилмаган.
Эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабаб бўлиш моддаси бўйича жиноят иши очилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят иши прокуратура назоратига олинган.
“Каскад.тв” берган маълумотларга кўра, ўзбекистонлик фуқаролар ушбу хонадонда 1 ойдан буён ижарада яшаб келган. Қўшнилар вафот этган шахслар ҳақида ижобий фикр билдирган, улар кўп ишлаб, уйга кам келишганини айтган.
5 апрель куни Россиянинг Санкт Петербург шаҳрида ўзбекистонлик эркак 23-қаватдан тушиб кетиб, вафот этганди. 16 апрель куни Россиянинг Саратов вилоятида юз берган ЙТҲда бир нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди, яна беш нафари жароҳатланди.
Изоҳ (0)