Урганч шаҳрида 2011 йил туғилган вояга етмаган қиз тунги клубда раққосалик қилаётгани аниқланганди. Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бунга муносабат билдирди.

Унда айтилишича, Урганч шаҳридаги 8-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 7-синфида ўқиган қиз ота-онасининг аризасига кўра 2024 йил 24 ноябрда Хоразм вилояти Болалар масалалари бўйича Урганч шаҳар комиссиясининг 162-сонли қарори ва ушбу қарор асосида 2024 йил 3 декабрдаги мактаб буйруғи билан ўқувчилар сафидан чиқарилган.
Вояга етмаган қиз ота-онаси билан узоқ муддатга доимий яшаш мақсадида 2024 йил декабрь ойида Санкт Петербург шаҳрига амалдаги тартиб бўйича ҳужжатларни расмийлаштириб чиқиб кетган. 2025 йил февралида Ўзбекистонга қайтиб келган, бироқ ота-онаси ёки тегишли ташкилотлар томонидан бу бўйича мактабга хабар берилмаган.
“Ушбу ўқувчи бугунги кунда вилоятимиздаги ҳеч бир мактаб рўйхатида қайд қилинмаганини маълум қиламиз. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиш ишлари давом этмоқда”, дейилади бошқарма хабарида.
Айни пайтда қиз тегишли ташкилот вакиллари томонидан Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.
Изоҳ (0)