Кеча, 8 май куни Тошкент шаҳрида олий таълим муассасаларига қабул ва давлат буюртмасини шакллантириш тартибига киритилаётган ўзгартиришлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар берди.
Мулоқотда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги масъуллари 2024/2025-ўқув йилидан жорий этилаётган янги тизим тўғрисида ахборот берди.
Ўқишга қабул қилиш тартиби ўзгаради
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов янги ўқув йилида олий таълим муассасаларига қабул жараёни “аввал тест, сўнг танлов” тамойили асосида ўтказилишини маълум қилди.
“Олдинлари квоталар ОТМлар кесимида шаклланган бўлса, бу йилдан бошлаб таълим йўналишлари кесимида эълон қилинади. Бунда иқтидорли ёшлар ўзлари танлаган йўналиш кесимида имтиҳонга қатнашади. Иккинчи босқичга ўтганлар ОТМни танлаш ҳуқуқига эга бўлади”, — деди вазир.
Янги тартибга кўра, абитуриентлар тестни бир маротаба топширади ва тўплаган бали билан дастлаб ОТМга, бали етмаган тақдирда профессионал таълим ташкилотига кириш учун танловда иштирок этади. Олийгоҳларга қабул жараёни икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқич рўйхатдан ўтиш ва тест фанларини танлаш бўлса, иккинчиси тест натижаси эълон қилингандан сўнг таълим йўналиши ва шаклини танлаш орқали амалга оширилади.
Таълим гранти ҳар йили қайта тақсимланади
Жорий ўқув йилидан давлат гранти талабалар учун таълим гранти ва ижтимоий-рағбатлантирувчи грант шаклида ажратилади. Ижтимоий-рағбатлантирувчи грант мақсадли қабул ва имтиёз асосида қабул қилинган талабаларга бутун ўқиш даври учун берилади. Таълим гранти эса эндиликда ҳар йили қайтадан тақсимланади.
“Таълим гранти 2024 йилдан бошлаб бир йилга берилади. Бу грантда ўқиётган боладан ўқишнинг иккинчи йилида гранти олиб қўйилади, дегани эмас. Ўқишнинг иккинчи йилида у олган грантини ҳимоя қилиши керак бўлади. Яъни қаттиқ ўқиши лозим. Агар баҳолари пасайиб кетса, унинг гранти яхши ўқиётган ёшларга берилади. Бу ҳам грантда, ҳам контрактда ўқиётган ёшларга яхши ўқиш учун мотивация бўлади”, — деди Қўнғиротбой Шарипов.
Маълум қилинишича, грантни қайта тақсимлаш бўйича тартиб ўқишга янги қабул қилинадиган талабаларга тааллуқли бўлади. Яъни айни пайтда грантда ўқиётган талабалар гранти ўқишини тамомлагунча ўзида сақланиб қолади.
Янги тартибга кўра, таълим гранти асосида таҳсил олган талабаларнинг ўқишни тугатгандан сўнг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинади.
Ўқишга киришнинг минимал бали ошади
Мулоқотда ўқишга кириш учун минимал ўтиш бали икки босқичда оширилиши айтилди.
“Амалда ўқишга кириш учун минимал ўтиш бали барча йўналишлар учун 56,7 балл эди. Келаси йилдан бу балл икки босқичда оширилади. Соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ, бизнес ва бошқарув йўналишлари учун ўқишга кириш 94,5 баллдан, бошқа йўналишлар учун 75,6 баллдан бошланади”, — деди вазир.
Тил сертификати даражаси пасайтирилади
Матбуот анжуманида магистратура ва докторантурага қабул жараёнида хорижий тилни билиш тўғрисидаги сертификат талаби енгиллаштирилиши айтилди. Хусусан, эндиликда таълим дастурини хорижий тилда якунлаган талабалар учун сертификат талаби бекор қилинади.
Соҳа хусусиятидан келиб чиқиб маданият, санъат, спорт, таълим, соғлиқни сақлаш, ишлаб чиқариш, муҳандислик иши, қишлоқ хўжалиги, ветеринария, архитектура ва қурилиш, физика ва табиий фанлар, транспорт хизматлари йўналишлари бўйича сертификат талаби бир поғона — B1 даражасига туширилади.
Сертификат талаби хорижий тиллар йўналишларида C1 даражада, аниқ фанлар, биология, математика, ҳуқуқ, журналистика, ахборот-коммуникация технологиялари ва иқтисодиёт йўналишларида B2 даражада сақланади.
Изоҳ (0)