Ички ишлар вазирининг автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари (ярим тиркамалар)ни рўйхатга олиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш, мажбурий техник кўрикдан ўтказиш учун ундириладиган тўлов ставкаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи буйруғи қабул қилинди.
Ўзгартиришларга мувофиқ, автомототранспорт воситалари, электромобиллар, автомототранспорт воситалари ва тиркамаларни қайта рўйхатдан ўтказиш ставкаси эндиликда БҲМнинг 10 фоизини (34 минг сўм) ташкил этади. Шу билан бирга, рўйхатга олиш тўлови (оддий автомобиллар учун 6,84 БҲМ ва электромобиллар учун 1,5 БҲМ) ўзгармади.
Апрель ойидан бошлаб автомобилларни қайта рўйхатдан ўтказиш учун йиғимлар кескин деярли 68 баробарга оширилганди. Электромобильлар, автомототранспорт воситалари ва тиркамаларни қайта рўйхатдан ўтказиш учун йиғим БҲМнинг 1,5 баравари (510 минг сўм), бошқа автомобиллар учун эса БҲМнинг 6,84 баравари (2 миллион 325 минг сўм) тўланиши керак эди.
Ички ишлар вазирлиги ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси автомашиналарни рўйхатга олиш ставкалари ошиши сабабларини ҳозирча изоҳламади.
Аввалроқ Ўзбекистонга четдан вақтинча кирган автомобилларга ортиқча кун учун йиғим миқдори ўзгаргани тўғрисида хабар берилганди. Ҳужжатга кўра, божхона божлари ва солиқлардан тўлиқ озод этилган муддат ўтгандан сўнг хорижий автотранспорт воситасини бир йил ичида 90 кундан ортиқ муддатга вақтинчалик олиб кирганлик учун олиб чиқиб кетиш муддатининг ўтказиб юборилган ҳар куни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари (340 минг сўм) миқдорида йиғимни тўлаш шарти билан йўл қўйилади.
Автомототранспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказиш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:
- мулкдор — жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарганда, шунингдек мулкдор — юридик шахс қайта ташкил этилганда ёки номланиши ўзгарганда;
- автомототранспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш жойини ўзгартиришни талаб қилмаган ҳолатда автомототранспорт воситаси эгасининг яшаш (турган) жойи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда;
- юридик шахсларга тегишли юк автотранспорт воситаларининг, автобус ва микроавтобусларининг сақлаб туриладиган жойи ўзгарганда;
- автомототранспорт воситаларининг ранги ва (ёки) рақам агрегати ўзгарганда;
- автомототранспорт воситаси қайта жиҳозланганда;
- автомототранспорт воситасини ёки РЎДРБни рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси яроқсиз ҳолга келганда, шикастланганда ёки йўқолганда.
Изоҳ (0)