Австралиянинг ғарбий ҳудудида яшовчи Лисл Бенеке 1 035 дона минион қаҳрамони акс этган коллекцияси билан Гиннеснинг жаҳон рекордига сазовор бўлди. Бу ҳақда UPI хабар берди.

Минионлар — “Яхши бўлиш осонми?” (Despicable Me) анимацион фильмидаги машҳур сариқ қаҳрамонлар ҳисобланади.
Бенеке минионларни илк бор анимацион фильмда кўрганидан сўнг ёқтириб қолганини ва тахминан 15 йил аввал уларнинг маҳсулотларини йиғишни бошлаганини айтади.
Уларнинг ёқимтой, капсула шаклидаги кўринишлари мени жуда кулдирди. Улар менда катта таассурот қолдирганди. Мен аслида юрагида болалиги қолган каттаман. Шундан бери минионларни қаерда кўрсам, коллекциямга қўшаман, деди у Гиннес рекордлари ташкилотига.
Гиннес ташкилоти Бенеке эндиликда “Энг катта минионлар коллекцияси” рекордига эга эканини расман тасдиқлади.
Қизим менга яна бир уй кераклигини айтади — фақат минионлар учун, лекин мен уларнинг ёрқин сариқ табассумлари билан ўралиб яшашни яхши кўраман. Улар ҳар бир хонада ва бўш деворларнинг барчасида жой олган, деди Бенеке.

Гарчи минонларни қўйиш учун жойи тобора камайиб бораётган бўлса-да, яқин орада коллекция йиғишни тўхтатмоқчи эмас.
Менда доимий равишда минион излайдиган дўстларим ва оилам бор. Улар дўконга чиқишса, менга сурат юбориб: “Сенда бу борми?” деб сўрашади. Агар бўлмаса, мен учун сотиб олишади. Улар менинг минион харидорларим, дейди у.
Дўстлари ва оиласи ёрдамида Лисл дунёнинг турли бурчакларидан — Сингапур, Япония, Италия, АҚШ, Португалия, Тайван ва Хитойдан минионлар тўплаган. Ҳатто “Яхши бўлиш осонми?” (Despicable Me) билан махсус ҳамкорликда чиқарилган тўртта Сваровски кристалли минион — коллекциянинг энг ноёб намуналаридан бирини ҳам қўлга киритган.
Унинг айтишича, оддий мухлислар минионларни бир-биридан ажрата олмаслиги мумкин, бироқ у ўзининг энг севимлиси борлигини таъкидлади:
“Менинг энг севимли минионим — Стюарт. У бир кўзли, ўзига хос феъл-атворли ва бир оз сарказмга мойил. Уни қўлимга татуировка сифатида туширтирганман. Жуда кўп одамлар, болалар татуировкани кўриб, минионларга бўлган муҳаббатимиз ҳақида суҳбат бошлашади.”
Иш жойида ҳам унинг минионларга бўлган севгиси қўллаб-қувватланади. Чунки унинг коллекцияси уйининг чегараларидан чиқиб, иш столига ҳам ўтган.

Бенеке коллекцияси ҳали ҳам кенгайиб бораётганини айтади:
“Мен ҳеч қачон минионлар сотиб олишни тўхтатмайман. Ҳар сафар уларни оиламга олиб келишга шошиламан. Қизим етарли деб ўйлайди, лекин мен уларни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ яхши кўраман.”
Изоҳ (0)