Ўзбекистонда йиллик инфляция 0,1 фоизга, ойлик инфляция 0,2 фоизга ошди. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.
Жорий йил апрелда республикадаги йиллик инфляция 8,1 фоиз, ойлик инфляция 0,9 фоиз даражасида шаклланди. Таққослаш учун, март ойида йиллик инфляция кўрсаткичи 7,98 фоизни ташкил этган. Ўтган йилнинг апрелида эса 11 фоиз бўлган.
Ўтган ойда озиқ-овқат маҳсулотлари мартдаги нархидан 0,4 фоизга, 2023 йилнинг апрелидаги қийматидан 7 фоизга қимматлашган.
Ўз ўрнида ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи ҳам мартдагига қараганда 1 фоизга, ўтган йилнинг апрелидагига нисбатан 7,7 фоизга ўсган. Хизматлар нархи эса ўтган ойдагидан 1,8 фоизга, 2023 йил апрелдаги нархлардан 10,8 фоизга кўтарилган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари нархидаги ўзгаришлар
Умумий кўрсаткичларга кўра, апрелда гўшт маҳсулотлари нархи мартдаги қийматига қараганда 0,4 фоизга, донли экинлар ва ёрмалар 0,6 фоизга, балиқ ва бошқа денгиз маҳсулотлари нархлари 2 фоизга қимматлашган. Шу билан бирга, шакар, қандолат маҳсулотлари ва десертлар нархлари 1,4 фоиз ўсган.
Ўтган ой давомида сабзавотлар, илдизмевалилар ва дуккаклилар нархлари 1,2 фоиз, ёғлар ва мойлар 0,2 фоиз, тухум, сут ҳамда сут маҳсулотлари нархлари 2,7 фоизга арзонлашган.
Бир ой ичида алоҳида турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан гуруч 0,9 фоиз, буғдой уни 0,4 фоиз, янги соғилган сут 1,8 фоиз, шакар 3,3 фоиз қимматлашган. Тухум эса қарийб 11,3 фоизга арзонлашган. Мевалардан банан нархлари 9,9 фоиз, мандарин 7,4 фоиз, лимон 6,9 фоизга ўсган.
Бошқа маҳсулотлар ва хизматлар нархларидаги тебранишлар
Апрель ойида мартдагига қараганда спиртли ичимликлар нархлари 1 фоизга, тамаки маҳсулотлари 0,4 фоизга ўсган. Ўтган ойда кийимлар нархларида ўсиш кузатилмаган. Турар жой учун ижара нархи 0,1 фоизга, сув таъминоти ва турар жойларни сақлаб туриш билан боғлиқ бошқа хизматлар 14,6 фоиз, электр, газ ва ёнилғининг бошқа турлари 1,4 фоизга қимматлашган. Турар жойларга хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва қўриқлаш нархлари 0,9 фоиз арзонлашган.
Апрель ойида дори воситалари ва тиббиёт маҳсулотлари нархлари мартдагидан 9,5 фоизга, ўтган йилнинг апрелидагидан 19,1 фоизга қимматлашган. Амбулаторияда даволаш бўйича хизматлар ҳамда дори воситалари ва тиббиёт маҳсулотлари нархлари 2,7 фоиз, соғлиқни сақлаш соҳасидаги бошқа хизматлар нархлари 3,3 фоиз ўсган.
Апрелда шаҳар атрофида қатнайдиган поездлар чиптаси нархлари республика бўйича ўртача 27 фоизга ошди. Халқаро йўналишда кузатиладиган авиаташувлар ой давомида ўртача 2 фоизга, ички йўналишда 1,2 фоизга арзонлашди. Нархлардаги бу пасайиш сабаби миллий валюта тебранишлари билан боғлиқ бўлган.
Статистика агентлигига кўра, 2024 йил апрелда аҳоли учун иситиш ва иссиқ сув хизматларига тўлов миқдори ўсди. Бу республикада мазкур хизматларни кўрсатишда айланмадан олинадиган қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) нол ставкасининг бекор қилингани ҳамда Сурхондарё вилояти ва Тошкент шаҳрида тарифларнинг оширилиши билан боғлиқ.
Бундан ташқари, Навоий ва Сурхондарё вилоятларидан бошқа барча ҳудудларда совуқ сув ва канализация хизматлари 12 фоизга ошган. Нархдаги ушбу ўсишга ҳам ҚҚС бўйича имтиёзларнинг бекор қилиниши сабаб бўлган. Шу билан бирга, Навоий ва Сурхондарёда ҚҚС жорий этилишидан ташқари, тариф ҳам оширилгани тўлов қийматининг 52,8 фоиз ва 65,5 фоиз кўтарилиши олиб келган.
Изоҳ (0)