Шавкат Мирзиёев 8 май куни Ғалаба боғига ташриф буюриб, “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
“Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуаси Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан айрилган матонатли она — Зулфия ая Зокирова, унинг садоқатли келинлари ва етим қолган набиралари хотирасига бағишлаб барпо этилган. У ўзбек халқининг урушдаги йўқотишлари, ғалабага қўшган улкан ҳиссасининг тимсоли сифатида боғ марказидан ўрин олган.
Давлат раҳбарининг ташаббуси билан барпо этилган бу мажмуа ўзбек халқининг урушдаги йўқотишлари, тинчлик учун кураши ва улкан ҳиссасини ифодалайди.
Шавкат Мирзиёев фармони билан 2024 йилда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 20 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади. 2023 йилда уларга 18 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилганди.
Давлат раҳбарига Ғалаба боғи ҳудудида мустақиллик йилларида Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган мажмуа барпо этиш лойиҳаси тақдимот қилинди.
Шавкат Мирзиёев 8—9 май кунлари амалий ташриф билан Москва шаҳрида бўлади. Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан Ўзбекистон етакчиси кузатувчи давлат раҳбари сифатида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида ҳамда Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 79 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этади.
Изоҳ (0)