Канада ҳукумати Ғазо секторига озиқ-овқат сотиб олиш ва бошқа гуманитар ёрдамлар етказиб бериш учун БМТга 100 миллион Канада доллари (72 миллион доллар) ажратади.
Бу ҳақда мамлакат бош вазири Марк Карни ижтимоий тармоқ орқали маълум қилган.

“Канада халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилади ва яқинда БМТ ва бошқа ишончли халқаро ҳамкорларни Ғазога озиқ-овқат ва гуманитар ёрдам кўрсатишда қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 100 миллион Канада долларига яқин маблағ ажратди”, деб ёзди у.
Аввалроқ Исроил Ғазони тўлиқ қамал қилгани туфайли анклавда озиқ-овқат тугаб бораётгани ҳақида хабар берилганди.
Маҳаллий аҳоли ва гуманитар ташкилотларнинг огоҳлантиришича, фаластинликлар учун энди бомбалар эмас, очлик асосий хавфга айланган.
Яҳудий давлати Ғазода очлик мавжудлигини инкор қилиб, инсонпарварлик ёрдами гўёки ҲАМАС томонидан ўғирланаётганини иддао қилган.
“Исроил мудофаа кучлари сиёсий раҳбарият кўрсатмаларига биноан ҳаракат қилмоқда. Биз ёрдамни террор ташкилотлари қўлига топширмаймиз”, дейилади баёнотда.
ҲАМАС эса, ўз навбатида, бу каби даъволарни рад этиб, Исроилни очлик омилидан ҳарбий қурол сифатида фойдаланишда айблаган.
Изоҳ (0)