2023 йил 7 октябрдан буён Исроилнинг Ғазодаги уруши оқибатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 300 нафардан ортиқ ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолкер Тюрк ўз баёнотида маълум қилди.

“Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 7 октябрдан бери 200 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган ёки яраланган, бу мамлакат умумий аҳолисининг тахминан 10 фоизини ташкил этади. Шунингдек, Исроилнинг ҳарбий ҳаракатлари натижасида 300 дан ортиқ ҳамкасбимиз ҳалок бўлди”, деб таъкидлади у.
Олий комиссар сўзларига кўра, май ойидан бери озиқ-овқат излаётган мингдан ортиқ киши ўлдирилган, тақсимлаш марказлари эса инсонпарварлик ёрдамини зарур ҳажмда етказиб беришга мутлақо қодир эмас.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом Гебреесус Ғазо секторида тўйиб овқатланмаслик билан боғлиқ ўлимлар сони кескин ошганини кузатаётганини маълум қилди. Унинг билдиришича, 2025 йилда ташкилот Ғазода беш ёшгача бўлган болаларнинг тўйиб овқатланмаслик сабабидан 21 та ўлим ҳолатини қайд этган.
ЖССТ раҳбарининг қўшимча қилишича, Ғазо секторидаги ўткир тўйиб овқатланмаслик аҳолининг 10 фоиздан ортиғига таъсир қилмоқда, текширувдан ўтган ҳомиладор ва эмизикли аёлларнинг 20 фоиздан ортиғи тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда, кўпинча оғир шаклда.
Ғазо секторида БМТнинг Фаластин қочқинларига ёрдам кўрсатиш ва ишларни ташкил этиш бўйича Яқин Шарқ агентлиги (БАПОР) ходимлари фаолият юритмоқда. Январь ойида бир қатор Ғарб давлатлари БАПОР’га молиявий ёрдамни тўхтатди. Бу ҳолат агентлик ходимларининг Фаластиннинг “ҲАМАС” радикал гуруҳининг Исроилга қилган ҳужумига алоқадорлиги ҳақидаги маълумотлар тарқалганидан сўнг юз берганди.
Изоҳ (0)