Россия ҳарбий саноати Украина шаҳарларига зарбаларда қўлланиладиган “Искандер” ва “Кинжал” баллистик ракеталаридан ҳар йили 1 020 тагача ишлаб чиқараётган бўлиши мумкин. Улардан биринчиси қуруқлик платформаларидан, иккинчиси эса МиГ-31К самолётларидан ишга туширилади.

Украина ҳарбий разведкасининг ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида “Искандер” ракеталарининг ишлаб чиқариш ҳажми 2024 йилдаги прогнозларга нисбатан 15–40 фоизга ошган. Бу нафақат Украина, балки унинг иттифоқчиларига ҳам таҳдид солмоқда.
Экспертларнинг таъкидлашича, Европа ҳозирги имкониятлари билан ҳар йили атиги 300 та баллистик таҳдидни зарарсизлантира олади. Бунга сабаб сифатида битта баллистик ракетани йўқ қилиш учун қоидага биноан иккита тутиб олувчи ракета учирилиши келтирилган. Бундай ракеталар қиммат бўлиши билан бир қаторда, уларни ишлаб чиқариш ҳам мураккаб технологик жараён ҳисобланади.
Шу сабаб мутахассислар ҳаво ҳужумидан мудофаа салоҳиятини ошириш, Украинага нафақат ҳимоя, балки ҳужумкор қуролларни ҳам бериш каби таклифини илгари сурмоқда. Уларнинг фикрича, бундай шароитда украиналиклар Россиянинг баллистик ракеталар ишлаб чиқарадиган инфратузилмасини нишонга олиши мумкин.

Улар ўзи қандай қуроллар?
“Искандер-М” тактик ракета комплекси Украина шаҳарларига зарбаларда қўлланиладиган асосий воситалардан бири ҳисобланади. Бироқ ядровий каллакларни ҳам ташиши мумкин. Тизим “КБ Машиностроения” конструкторлик бюроси томонидан ишлаб чиқилган.
Расмий пресс-релизга кўра, у 500 км масофага зарба бера олади. Бироқ баъзи экспертлар мазкур кўрсаткич ўзаро мувофиқлаштирувчи меъёрларни четлаб ўтиш учун атайин яширилишини, аслида тизим 1 500 км гача масофага зарба бера олишини айтишади. Х-47М2 “Кинжал” эса Россия президенти томонидан энг кўп тилга олинган қуроллардан бири ҳисобланади.

Аслини олганда, у Искандер тизимида қўлланиладиган баллистик ракетанинг ҳаводан ишга туширишга мўлжалланган версиясидир. Россияликлар ушбу моделдаги ракеталарни модернизация қилинган МиГ-31К самолётларидан учиради.
Изоҳ (0)