Исроилнинг 2023 йил октябрида Ғазога қарши бошлаган уруши оқибатида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 60 мингдан ошди. Уларнинг қарийб 150 нафари очарчиликдан вафот этган. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, уруш шу кунгача 60 034 кишининг ҳаётига зомин бўлган.
Сўнгги хабарлар Ғазода очарчилик энг оғир босқичга кирганини кўрсатмоқда. БМТ ҳомийлигидаги глобал очарчиликни баҳоловчи IPC ташкилотининг маърузасида айтилишича, ҳудудда озиқ-овқат танқислигига чора топиб бўлмайди.
Al Jazeera нашрининг хабар беришича, ҳарбий ҳаракатларда “тактик пауза” эълон қилинганига қарамай, 30 июль тонгидан бери 83 фаластинлик, жумладан, 33 нафар гуманитар ёрдам олмоқчи бўлган шахс ҳалок бўлган. Маҳаллий аҳоли Исроил кучлари танк ва дронлар ёрдамида ҳужум уюштирганини билдирган. Ғазодаги “энг қонли кун”лардан бири айнан шу сана бўлгани таъкидланмоқда.
Шу билан бирга, Ғазо аҳолиси орасида очарчилик ва озиқ-овқат етишмовчилиги тобора кучаймоқда. IPC ҳисоботи шуни кўрсатадики, аҳолининг 1/3 қисми бир неча кунлаб овқатсиз истеъмол қилмаяпти. Айниқса Ғазо шаҳри ва жанубий ҳудудларда очарчилик даражаси жуда ошиб кетган.

2024 йил апрелидан 2025 йил июль ўрталаригача 20 мингдан ортиқ бола ўткир озиқ-овқат етишмовчилиги билан шифохоналарга ётқизилган, уларнинг 3 мингдан ортиғи жуда оғир ҳолатда. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш вазиятни “инсоният учун фожиали ҳалокат” деб баҳолаб, ёрдам етказилишига тўсқинлик қилмасликни қатъий талаб қилмоқда.
“Бу ҳақиқат. Ғазодаги фаластинликлар тарихдаги энг оғир гуманитар инқирозлардан бирини бошдан кечирмоқда. Ёрдам тўлқини узлуксиз ва тўсиқларсиз етказилиши керак. Бу даҳшат дарҳол тўхтатилиши лозим”, деган Гутерриш.
У шунингдек, доимий ўт очишни тўхтатиш, барча асирларни озод қилиш ва инсонпарварлик ташкилотларига анклавга тўсиқларсиз кириш имкони берилишини талаб қилган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, секторда уруш бошланганидан буён 147 киши, жумладан 88 бола очликдан вафот этган.
БМТ аёллар агентлиги UN Women раҳбари Сима Баҳоус ҳам Ғазодаги 1 миллион аёл ва қиз болалар очарчилик билан ҳаёт ўртасида “ақл бовар қилмайдиган танлов” қилишга мажбур бўлаётганини таъкидлаган.
Исроил кучлари анклавда “вақтинчалик тинчлик” ўрнатганидан кейин, бир қатор давлат ва ташкилотлар, жумладан Буюк Британия Ғазога биринчи марта ҳаводан гуманитар ёрдам ташлаган.

Лондон бу ёрдамнинг қиймати ярим миллион фунт стерлинг атрофида эканини билдирган. Британия бош вазири Кир Стармер 29 июль куни Исроил Ғазодаги урушни тугатмаса, сентябрда Фаластин давлати мамлакат томонидан тан олинишини эълон қилган.
Франция ҳам 40 тонналик гуманитар ёрдамни Ғазога ҳаво орқали етказишни режалаштирганини маълум қилган. Бироқ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳаво орқали ёрдам ташлаш самарасиз ва хавфли эканини, чегараларни очиш зарурлигини яна бир бор эслатмоқда.
Секторда асосан гўдаклар очликдан жиддий азият чекмоқда
Ғазодаги шифокорлар гўдакларнинг ҳолати ҳақида оғриқли маълумотлар бермоқда. Нассер шифохонаси болалар бўлими раҳбари Аҳмад Ал-Фарро айтишича, болалар мушак ва ёғ тўқималарисиз, қоқ суяк бўлиб қолган.

Маълумот учун, озиқ-овқат етишмовчилиги чақалоқларда марказий асаб тизимининг шаклланишига путур етказади, кейинчалик ақлий ривожланиш, ўқиш, ёзиш қобилиятига салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, руҳий тушкунлик ва хавотирлик кучаяди.
“Чегарасиз шифокорлар” ташкилоти вакили Таня Ҳаж Ҳассан шундай деди:
“Овқат етказилганидан кейин ҳам муаммо бартараф бўлиб қолмайди. Очарчилик организмнинг барча функцияларини ишдан чиқаради. Хусусан, юрак, ичак, жигар, ҳатто кўз ва суякларга зарар етади. Болалар ҳатто қайта озиқлантирилаётганида ҳам юрак етишмовчилиги, сепсис, оғир электролит бузилишларидан вафот этмоқда”.
Изоҳ (0)