АҚШда 2016 йилги президентлик сайловлари доирасида Дональд Трампнинг Россия билан алоқалари юзасидан олиб борилган терговга оид бир қатор махфий ҳужжатлар топилди. Улар Федерал қидирув бюросининг сирли хонасида “ёқиш учун мўлжалланган қоплар” ичида бўлган. Бу ҳақда манбаларга таяниб Fox News Digital хабар берди.

Ҳужжатлардан бирида АҚШ собиқ махсус прокурори Жон Даремнинг ҳисоботига илова қилинган махфий маълумот бўлган. Дарем 2023 йилда Федерал қидирув бюроси Трампнинг Россия билан алоқалари бўйича терговда ўзига хос бўлмаган тарзда иш юритганини айтганди.
Махфий илованинг ошкор этилиши АҚШ ҳукуматида Трампнинг Россия билан алоқалари ҳақидаги шов-шувни кучайтириш орқали Ҳиллари Клинтоннинг сайловолди кампаниясига ёрдам бериш бўйича мувофиқлаштирилган режа мавжуд бўлгани ҳақидаги даъвога ишончни оширади, деди манба.
Ҳужжатлар Сенатга топширилди
Минглаб ҳужжатлар билан тўлдирилган ва ёқиб юборилиши режалаштирилган бир нечта қоп топилган. Федерал қидирув бюроси директори Кеш Пател бу қоғозларни АҚШ Конгресси сенати юридик қўмитаси раиси Чак Грасслига топширган.
Трампнинг Обамага қарши айбловлари ва 2016 йилги сайловлар
Трамп собиқ президент Барак Обамани давлатга хиёнатда айблаган. У буни икки ҳафта олдин эълон қилинган АҚШ Миллий разведкаси директори Тулси Габбрднинг ҳисоботи билан асослаган.
Габбрдга кўра, Обама ва унинг яқин ҳамкорлари 2016 йилги сайловларга Россия аралашгани ҳақидаги разведка маълумотларини “сохталаштирган ва сиёсийлаштирган”. Уларнинг мақсади Демократик партиянинг мағлубиятидан кейин Россияни “киберҳужумларда айбдор қилиб кўрсатиш” бўлган.
Таъкидланишича, “Россия Трампга ёрдам бергани” ҳақидаги ёлғон ахборот аслида ўша вақтдаги бошқа разведка баҳоларига зид бўлган. Чунки ўша прогнозларга “Россиянинг АҚШ сайловларига аралашиш нияти ҳам, имконияти ҳам йўқлиги” айтилган эди.
Обаманинг ҳибсга олиниши ҳақидаги сунъий интеллект видеоси
Юқоридаги айбловлар фонида Дональд Трамп сунъий интеллект (СИ) ёрдамида яратилган роликни эълон қилган эди. Унда собиқ президент Барак Обамани Федерал қидирув бюроси агентлари Овал кабинетда қўлларига кишан солиб ҳибсга олишаётгани тасвирланган. Сўнгра Обама АҚШда маҳбуслар киядиган тўқ сариқ комбинезонда панжара ортида кўрсатилган.
Изоҳ (0)