Покистон собиқ бош вазири Имрон Хоннинг 200 га яқин тарафдори 31 июль куни ўтказилган судда 2023 йилдаги тартибсизликларда иштирок этгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда AP хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Шарқий Панжоб вилоятининг Файсалобод шаҳар суди 196 кишига, жумладан, мухолифат етакчиси Умар Аюбга ҳукм чиқарган. У ва яна 57 киши ўн йилга озодликдан маҳрум этилган. Жараённинг бошқа иштирокчилари бир йилдан уч йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Имрон Хон 2018—2022 йилларда Покистон ҳукуматига раҳбарлик қилган. У 2023 йилдан бери қамоқда сақланмоқда ва шу вақт ичида бир нечта жиноий иш бўйича турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.
Жаноб Хоннинг ҳибсга олиниши 2023 йил март ойида Покистонда оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлганди. Пайшанба куни суд томонидан ҳукм қилинганлар орасида Имрон Хоннинг “Теҳрик-и-Инсоф” партиясидан камида олти нафар Миллий ассамблея аъзоси ва бир сенатор бор эди.
“Улар 2023 йилги тартибсизликлар пайтида ҳарбий хизматчиларга, ҳукумат бинолари ва транспорт воситаларига ҳужум қилишда иштирок этганликда айбланди”, деди ҳимоячи Чангаиз Какар.
Унинг қўшимча қилишича, барча маҳкумлар Файсалобод суди чиқарган қарор устидан апелляция шикояти беради.
Изоҳ (0)