Ҳиндистон полицияси сохта элчихона юритишда айбланаётган эркакни ҳибсга олди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Таъкидланишича, айбланувчи Деҳли яқинидаги ижарага олинган турар жой биносидан элчихона сифатида фойдаланган. Гумонланувчи ўзини элчи сифатида таништирган ва одамларга хорижда иш топиб беришни ваъда қилиб, улардан пул ундирган. Полиция маълумотларига кўра, айбланувчи — 47 ёшли Ҳаршвардхан Жаин — Seborga ва Westarctica каби тузилмаларда маслаҳатчи ёки элчи сифатида ишлаганини даъво қилган.

Полиция сохта элчихона биносида Жаиннинг жаҳон етакчилари билан бирга тушган кўплаб фотосуратлари, Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги ва 30 га яқин давлатнинг сохта муҳрларини топган. Айбланувчига тегишли бўлган сохта дипломатик рақамли машиналар ва бошқа топилган ашёлар мусодара қилинган. Улар орасида нақд 4,5 миллион рупия, 4 та машина ҳамда бошқа мамлакатлар пул бирликлари мавжуд.
Жаин, шунингдек, чет элда сохта компаниялар юритишда гумон қилинмоқда. Хусусан, у қалбакилаштириш, ўзини бошқа шахс қилиб кўрсатиш ва сохта ҳужжатларга эгалик қилишда айбдор деб топилди.
Изоҳ (0)