АҚШда гиёҳванд моддалар сотгани учун 11 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Престон Торп қамоқхона камерасидан туриб венчур стартапининг штатдаги дастурчисига айланди. Бу ҳақда TechCrunch хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Торп олти ой давомида АҚШнинг Турсо компанияси бошқараётган очиқ кодли лойиҳада қатнашган. Унинг техник билим даражаси шунчалик юқори эдики, Глаубер Коста бош директори унга иш таклиф қилган. Айнан шу пайтда у Торпнинг қамоқда эканлигини билиб қолган. Шундай бўлса-да, май ойидан бошлаб у Сан-Францискодаги венчур капитали билан молиялаштириладиган стартапда камерасидан тўлиқ иш куни давомида ишламоқда.
“Мен январь ойида у билан алоқага чиқдим, шунчаки уни яхшироқ тушуниш ва танишиш мақсадида. Ўшандан бери биз унинг ҳаётидаги ўзгаришларни узоқ ва батафсил муҳокама қилдик, бу ўзгаришлар уни ҳозирги ҳолатига олиб келди... Унинг ҳаёт йўлини билиб, шахсан унга бўлган ҳурматимиз янада ортди”, дейди Глаубер Коста.
Бироқ Турсо Торп ҳамкорлик қилган биринчи компания эмас, у илгари Unlocked Labs’да ишлаган ва қамоқхоналар учун таълим дастурий таъминотини ишлаб чиққан. Бу Мэн штатининг маҳбусларга масофадан туриб ишлаш имконини берувчи тажрибавий дастури туфайли амалга ошган.
Торп қамоқдалигидаёқ дастурлаш билан шуғуллана бошлаган. Мэн штатидаги Mountain View қамоқхонасига ўтказилгач ва пандемия бошланиши билан, унга онлайн таълим олишга рухсат берилган. Шундан сўнг у университетга ўқишга кирган. Вазиятнинг ўзгариши, унинг айтишича, унга янги имконият ва ҳамма нарса йўқолмаганлик ҳиссини берган.
Таъкидланишича, Мэн штатида 30 дан ортиқ маҳбус “хизмат кўрсатган меҳнат блоки” деб аталадиган, яхши хулқ-атворли маҳбуслар учун мўлжалланган нисбатан эркин секторда яшайди ва ишлайди. Бундай маҳбуслар иш ҳақининг 10 фоизини штат фойдасига ўтказади, шунингдек, агар қарзлари бўлса, уларни тўлайди (алиментлар, суд харажатлари ва бошқалар).
Мэн штати ахлоқ тузатиш муассасалари департаменти маълумотларига кўра, штатдаги қайта жиноят содир этиш даражаси АҚШдаги энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Такроран жиноят содир этишнинг умумий улуши эркаклар орасида 21-23 фоизни, аёллар орасида эса атиги 9 фоизни ташкил этади. Қамоқ муддатини ўтаётганда коллежда таълим олганлар орасида такрорий жиноятлар даражаси деярли нолга тенг. Қайта жиноятлар камайишидан ташқари, штат қамоқхоналарида зўравонлик сезиларли даражада камайган.
Изоҳ (0)