Ўзбекистонда 2017 йилдан бери ҳар августнинг биринчи якшанбаси темирйўлчилар куни сифатида нишонлаб келинади. Президент Шавкат Мирзиёев соҳа ходимларини 3 август куни нишонланадиган байрами билан табриклади.

Президент табригида темирйўлчилар фидокорона меҳнати туфайли мамлакатда янги темирйўллар, вокзаллар, хизмат кўрсатиш тизимлари барпо этилаётгани ёзилган.
Давлат раҳбари турли ҳудудларда олиб борилаётган қурилиш ва модернизация ишларига тўхталган. Қутлов сўзида Бухоро—Урганч—Хива темирйўлининг қурилиши, 3 800 километрдан ортиқ темирйўл электрлаштирилгани, янги электропоездлар харид қилинаётгани каби натижалар қайд этилган.
Шунингдек, Самарқанд—Ургут, Баитқўрғон—Паркент йўналишларида янги темирйўл линиялари қурилиши бошлангани, Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўли бўйича халқаро лойиҳа ишга туширилгани ҳам муҳим воқеа сифатида эътироф этилган.
Президент байрам муносабати билан барча темирйўлчиларга соғлиқ, оилавий тинчлик ва ишда омад тилаган. Темирйўл соҳасини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар давом этишини, бу борада барча ходимларнинг тажрибаси ва меҳнати муҳим эканини алоҳида таъкидлаган.
Изоҳ (0)