Сўнгги вақтда энг муҳокамада бўлиб турган мавзу — Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омбори бўйида қурилиши айтилаётган Sea Breeze лойиҳаси юзасидан ҳукумат қарори қабул қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, фаоллар томонидан билдирилган эътирозлар инобатга олинди, компания олдига қатор шарт ва мажбуриятлар қўйилди. Жумладан, Тошкент шаҳрини ичимлик суви билан таъминловчи Чорвоқ сув омборига қурилаётган лойиҳалардан сув тушиши хавотир уйғотаётган эди.
Қўйилган талаблардан бири — Чорвоқ ва Чирчиқ дарёсига сув туширилмайди. Инвестор ушбу лойиҳа учун сувни қайта ишлайдиган ва яна ўзига ишлатадиган замонавий тизим яратади, бу борада харажатлар тўлиқ инвестор ҳисобидан амалга оширилади.
Ҳукумат қарорида агар қоидалар бузилса ва Чорвоққа бир томчи сув туширилса ҳам, лойиҳа қурилиши тўхтатилиши ҳамда инвестиция шартномаси бекор қилиниб, ер олиб қўйилиши қатъий белгилаб қўйилмоқда.
Бош прокуратура курорт ҳудудида барча шаҳарсозлик ва экологик меъёрларга риоя этилишини алоҳида назоратга олади. Вазирлар Маҳкамаси ва Бош прокуратура дастлабки лойиҳа ечимларидан тортиб, объектларни фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнларнинг шаффофлиги ва қонунийлигини таъминлашга масъул бўлади.
Маълумот учун, жорий йил 14 апрелда президент Шавкат Мирзиёевга Sea Breeze Uzbekistan халқаро туризм маркази мастер-режаси тақдим қилинган. Умумий қиймати 10 млрд долларлик лойиҳа Чорвоқ сув омбори бўйида, озарбайжонлик тадбиркор Эмин Агаларов томонидан амалга оширилиши маълум. Мажмуа кўприк, хиёбон, пляж, меҳмонхоналар, коттежлар, уйлар, ресторан ва томошагоҳларни қамраб олиши анонс қилинган. Давлат раҳбари мажмуани зарур инфратузилма билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берган.
Лойиҳа Чорвоқнинг 577 гектар ер майдонини эгаллаши кўзда тутилган. Дастлабки босқичда 100 гектар ҳудуд қамраб олинади.
Чорвоқ сув омбори Тошкент шаҳри ва атрофдаги ҳудудлар учун асосий чучук сув манбаи ҳисобланади. Шу сабаб унинг соҳилида қуриладиган мажмуа лойиҳаси ижтимоий тармоқларда фаоллар норозилигига сабаб бўлди. Хусусан, қурилиш ишлари сабабли ичимлик суви ифлосланиб, унинг сатҳи кескин тушиб кетишидан хавотир билдирилди. Қолаверса, ҳудуддаги дарахтлар кесилиб, яшилликка путур етиши, одамлар сув соҳилига киришига чекловлар киритилиши мумкинлиги ҳам этирозлар уйғотган.
Изоҳ (0)