Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида 9 та автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Пойтахт ЙҲХБ ҳолат юзасидан маълумот берди.

Унга кўра, 1 август куни соат 13:30 ларда Янгиҳаёт тумани, Чоштепа кўчасида IVECO, Captiva, 2 та Lacetti, Spark, Onix, Malibu-2, Cobalt, Hyundai, Tracker-2 русумли автомашиналари ўзаро тўқнашуви натижасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
ЙТҲ натижасида тан жароҳат олганлар йўқ. Йўл-транспорт ҳодисаси юк транспорт воситаси ҳайдовчисининг рул бошқарувини йўқотиши оқибатида содир бўлган.
Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
ЙТҲлар статистикаси
Ўзбекистонда 2025 йилнинг дастлабки уч ойида ЙТҲ содир этиши оқибатида 891 нафар шахс судланди.
2024 йил давомида Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан 3 321 нафар шахс судланган. Уларнинг 917 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 2 404 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
2025 йилнинг I-чораги мобайнида ушбу модда билан 891 нафар шахс судланиб, уларнинг 173 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, 718 нафар фуқарога озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.
Изоҳ (0)