Ўзбекистонда 2025 йил I ярмида ишсизлик даражаси 0,4 фоизга камайиб, умумий ҳисобда 5,1 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълум қилди.

2025 йил июль ҳолатига кўра, мамлакат аҳолисининг 15 миллион 377 минг нафари (41 фоиз) иқтисодий фаол ҳисобланади. Шундан 14 миллион 595 минг нафари (94,9 фоизи) иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаолият юритяпти.
Июль ойида давлат корхона ва ташкилотларида 8 миллион 55 минг киши (жами рақамдан 55,2 фоизи) ишлаши қайд этилган. Бу рақам 2024 йил июлдагидан (6 миллион 768 минг киши) 1 миллион 287 минг нафарга ошган (19 фоиз).
Хусусий секторда ишловчилар 4 миллион 760 минг (32,6 фоиз) нафарни ташкил этиб, ўтган йил мос давридагидан 750 минг кишига камайган (13,6 фоиз).
Жорий йил июлда хорижда 1,9 миллион (12,2 фоиз) нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилаётгани аниқланган.
“Бугунги кунда республика бўйича 781 минг нафар ишга жойлашишга муҳтож аҳоли мавжуд (йил бошида 836,4 минг нафар эди)”, дейилади манба ахборотида.
Мамлакатда охирги уч йилдаги ишсизлик даражалари қуйидагича бўлган:
- 2023 йил 1 июлда 8,1 фоиз;
- 2024 йил 1 июлда 5,8 фоиз;
- 2025 йил 1 июлда 5,1 фоиз.
Вазирлик таҳлилига қараганда, Ўзбекистонда иқтисодий нофаол аҳоли 4 миллион 937 минг кишидан ортиқ. Бу 2024 йил мос даврига нисбатан 38,4 минг кишига (0,8 фоиз) кўп.
Маълумот учун, 2024 йил декабрда Халқаро меҳнат ташкилоти дунёнинг 187 та давлати орасида ишсизлик даражаси рейтингини эълон қилган. Марказий Осиё давлатлари орасида энг паст ишсизлик даражаси Қирғизистонда(3,3 фоиз) қайд этилган. Ўзбекистон мазкур рейтингда 113-ўринни эгаллаган. Шу билан бирга, Туркманистон 117-ўрин, Қозоғистон 104-ўринда қайд этилган. Минтақадаги энг юқори кўрсаткич Тожикистонда кузатилган бўлиб, қўшни мамлакатда ишсизлик даражаси 11,6 фоизга (29-ўрин) етган.
Изоҳ (0)