Ойбек Шахавдинов Ўзбекистоннинг Сербиядаги (қароргоҳи Будапешт шаҳрида жойлашган) элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.

Маълум қилинишича, элчи Сербия Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик протокол раҳбари Бранко Радовановичга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.
Суҳбат чоғида икки томонлама кун тартибининг долзарб масалалари муҳокама қилинди ва Ўзбекистон—Сербия муносабатларини янада мустаҳкамлашдан икки томон ҳам манфаатдорлик билдирди.
Хорижий томон Ўзбекистоннинг Сербияга биринчи элчиси тайинланганини олқишлаб, бу қадам икки томонлама ҳамкорликнинг бутун йўналишига янги суръат бағишлашини таъкидлади.
Маълумот учун, Ойбек Шахавдинов 2024 йил 13 декабрь куни Словения президенти Наташа Пирс Мусарга ишонч ёрлиқларини топширган эди.
У, шунингдек, Ўзбекистоннинг Венгриядаги биринчи, ўриндошлик асосида Хорватия ва Черногориядаги элчиси ҳисобланади.
Изоҳ (0)