Андижон шаҳридаги санъат мактаби негизида Шерали Жўраев номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби ташкил этилади. Бу ҳақда жорий йил 28 июль куни президент ахборот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳасида бошқарувни такомиллаштириш, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Хабар қилинишича, давлат раҳбари Андижон вилоятига ташрифи чоғида халқ артисти Шерали Жўраев хотирасини абадийлаштириш ташаббусини билдирган. Шунга мувофиқ, Андижон шаҳридаги санъат мактаби негизида ижодкор номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби ташкил этилади. Шерали Жўраев номидаги миллий қўшиқчилик телетанлови ҳар йили ўтказилади.

Олий мактабда илмий-ижодий лаборатория тузилиб, Шерали Жўраев қўшиқларининг “олтин фонди” яратилади. Замонавий овоз ёзиш ва тасвирга олиш студияси ташкил этилиб, иқтидорли ёш ижодкорлар ундан имтиёзли фойдаланиши мумкин бўлади.
Тақдимотда президент қарори билан Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти ташкил этилгани, энди санъаткорнинг мемориал музейини очиш режалаштирилаётган маълум қилинган. Шу билан бирга, марҳум хонанда номидаги стипендия жорий қилиш ва халқаро эстрада танловини ўтказиш кўзда тутилмоқда.
“Институтнинг бакалавриат босқичини тамомлаган энг фаол битирувчилар чет элга магистратурада ўқишга юборилади ҳамда иқтидорли талабаларнинг нуфузли халқаро танловларда иштироки қўллаб-қувватланади”, дея тақдимотдан хабар берган манба.

Қайд этилишича, мамлакатда симфоник оркестрлар босқичма-босқич кўпайтирилиши белгиланган. Жумладан, Фарғона вилоятида симфоник оркестр ва миллий чолғулар оркестри тузилади. Улар зарур мусиқа асбоблари, овоз кучайтириш ва ёритиш ускуналари, саҳна либослари ва бошқа анжомлар билан таъминланади.
Бугун Ўзбекистонда 14 мингта корхона креатив иқтисодиёт бўйича фаолият юритмоқда. Уларда қарийб 100 минг киши ишлаяпти. Келгуси 5 йилда креатив иқтисодиёт ҳажмини 2 карра кўпайтириш, ялпи ички маҳсулотдаги улушини 5 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Тақдимотда ҳунармандчиликни янада ривожлантиришга қаратилган таклифлар ҳам кўриб чиқилган. Хусусан, Буюк Британия Қироллик фонди билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида академик платформа яратиш режалаштирилган. У орқали магистрлар тайёрлаш, тадқиқотлар ўтказиш, ўқув қўлланмаларини жорий этиш йўлга қўйилади. Бу платформа билан 3 мингдан зиёд иқтидорли ҳунармандлар босқичма-босқич қамраб олинади. Кейинчалик уни амалий санъат мактабига айлантириш кўзда тутилган.

2023 йилда Бухоро “Ҳунармандчилик ва халқ санъати” йўналишида ЮНЕСКОнинг креатив шаҳарлар тармоғига киритилган эди. У ерда 2 минг нафар ҳунарманд 36 та йўналишда ижод қилади.
Сентябрь ноябрь ойларида Бухорода биринчи замонавий санъат биенналеси ўтказилади. Унга 40 та давлатдан 70 нафар машҳур рассом ташриф буюради.
Тақдимотда давлат раҳбари маданий туризмни ривожлантиришга катта туртки берадиган бундай йирик тадбирларни юқори савияда ташкил қилиш муҳимлигини таъкидлаган. Мутасаддиларга лойиҳаларни сифатли бажариш ва тадбирларни юқори савияда ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилган.
Изоҳ (0)